Шавкат Мирзиёев: “Саёз асарларнинг бозори чаққон бўлиб бораётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Айни пайтда, адабий-бадиий жараёнларда кўзга ташланаётган салбий тенденциялар, хусусан, маданият соҳасида тижоратлашув, шахсий манфаатнинг биринчи ўринга чиқаётгани, ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз асарларнинг бозори чаққон бўлиб бораётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Афсуски, ижодий уюшмалар томонидан бундай ҳолатларга принципиал баҳо берилмаяпти, уларни бартараф этиш бўйича ҳар томонлама асосланган амалий таклифлар ўртага қўйилмаяпти.

Нима учун маданий ҳаётимизда танқидий руҳ сезилмайди? Соғлом танқид, баҳс ва тортишув бўлмаган жойда чинакам ижод бўлиши мумкинми ўзи? Бу борада Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” агентлиги, Бастакорлар уюшмаси, “Ўзбекконцерт” ва бошқа ижодий ташкилотлар қошидаги бадиий кенгашларнинг фаолияти деярли сезилмаяпти.

Яратилаётган асарлар, фильм ва спектакллар, кўргазма ва концерт дастурларига принципиал ва малакали баҳо бериш, матбуотда холис ва ҳаққоний рецензиялар, хулосалар билдириш тобора камёб ҳодисага айланиб бормоқда.

Яна бир ташвишли ҳолат – ижодий уюшмалар ўртасида ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилмаган. Бадиий академия, Бастакорлар, Ёзувчилар, Журналистлар, Кино арбоблари уюшмалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ижодий муносабатлари деярли тўхтаб қолган, уларнинг ҳар бири ўз ёғига ўзи қоврилиб ётибди. Ваҳоланки, ушбу тузилмалар фаолиятида биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб ижодий ва ижтимоий муаммолар тўпланиб қолган.

Бу ҳақда гапирганда, авваламбор, адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш каби бир-биридан муҳим ва долзарб масалалар ижодий уюшмалар эътиборидан четда қолиб келаётганини таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозларни эшитиш мумкин.

Ҳозирги пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди. Хусусий нашриётларнинг кўпчилиги бир вақтлар вилоятларда ҳам нашриётлар бўлсин, деган нотўғри ёндашув билан ташкил этилгани, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти ниҳоятда ночор экани китоб деган мўътабар тушунчанинг қадрини туширишга олиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу муаммони қонуний асосда қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида амалий таклифлар деярли учрамайди.

Бошқаларга қандай, билмадим-у, аммо менинг назаримда, бундай салбий ҳолатнинг бош сабаби мамлакатимиз ахборот бозорининг тартибга солинмагани билан боғлиқ. Бу борада сон эмас, сифат ва самара муҳим. Майли, нашриётлар сони 122 та бўлмасин, озроқ бўлсин, лекин талабга жавоб берадиган бўлсин.

Биз бугун китобхонлик маданиятини ошириш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор беряпмиз. Аммо бу ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширишимиз, бошлаган олижаноб ҳаракатимизни обрўсизлантиришга йўл қўймаслигимиз шарт.

Афсуски, матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда ваколатли ва масъул орган вазифасини бажариши керак бўлган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бу борада фақат кузатувчи бўлиб ўтирибди. Шунинг учун яқинда Матбуот ва ахборот агентлигига янги раҳбар тайинланди. Шу билан бирга, ушбу ташкилот фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича Президент қарори тайёрланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузаси

SHARE