Шавкат Мирзиёев: Ўқитувчиларни норози қилманглар, улар бизга керак

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

ЎзАнинг қайд этишича, йиғилишда шу кунгача касб-ҳунар коллежларида фаолият кўрсатган, дарс соатлари ҳажми камайган ўқитувчиларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев коллежлардан бўшаган ўқитувчилар 100 фоиз билан иш билан таъминланишини айтиб ўтган.

«Ҳамма билсин — коллеждан бўшаган ўқитувчиларнинг бари 100 фоиз иш билан таъминланади. Мактабга бормаса, бошқа жойга ишга оламиз. Ўқитувчиларни норози қилманглар. Улар бизга керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, олий таълим муассасалари ректорлари, кенг жамоатчилик вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларда ота-оналар ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчилари умумтаълим мактабларининг 10-синфларида, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттиришига оид фикрлари ўрганилди.

Бу жараёнда умумтаълим мактабларининг 466 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш ниятида экани аниқланди.

Йиғилишда ота-оналар ва болаларнинг шу борадаги хоҳиш-истакларини тўлиқ ҳисобга олиш ва рўёбга чиқариш зарурлиги, уларнинг овора бўлишига йўл қўймаслик, шундай ҳолатлар юз берган тақдирда тегишли туманлар ҳокимлари, халқ таълими бўлими ва таълим муассасалари раҳбарларига нисбатан қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги раҳбарларига маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда шу йил 20 августга қадар ҳар бир ўқувчининг аниқ мактаб, лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттиришини таъминлаш вазифаси юклатилди.

SHARE