Шавкат Мирзиёев “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини қайтадан ташкил қилди

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш суръатларини жадаллаштириш, илғор инновацион технологиялар ва фан ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш учун улкан имконият яратди.

Бу эса хорижий мамлакатлардаги илғор тажрибаларни ўрганиш орқали давлат ва жамоат тузилмалари, иқтисодиёт тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар, педагог ва илмий кадрлар тайёрлаш соҳасини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида мамлакатимиздаги ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб этиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасалари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташи, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан ўзгартириш лозим.

Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларини халқаро меҳнат бозорида юқори малакали рақобатбардош мутахассислар, педагоглар ва илмий кадрлар билан ўз вақтида таъминлаш, уларни магистратура ва PhD дастурлари бўйича тайёрлаш, талабгорларни малака ошириш ва стажировка ўташ, етакчи хорижий таълим муассасаларида таълим олиш учун танлаб олишни такомиллаштириш, уларнинг меҳнат ва илмий-педагогик фаолияти мониторингини олиб бориш, шунингдек, юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларни олий таълим муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг ўқув жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида бугунги кун талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолият йўналишларини, мақсад ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш долзарб масалага айланди.

Қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Жамғарманинг номи “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилди.

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари этиб:

илғор илмий тадқиқотлар ва инновациялар, юқори технологияларнинг янги ютуқларида иштирок этиш, касбий билим, кўникма ва малакаларни замон талабларига ҳамоҳанг тарзда янгилаш, янги касб, таълим ва амалиётга йўналтирилган дастурларни ўзлаштириш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, таълим муассасаларининг юксак интеллектуал-ижодий салоҳиятга эга бўлган педагог ва илмий кадрларини ривожланган давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш;

иқтисодиёт тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг ҳозир ва келажакда юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда таъминлаш учун танлов асосида саралаб олинган олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқларининг малакали кадрларини дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларда магистратура ва PhD дастурлари бўйича тайёрлашни ташкил этиш;

чет эллардаги нуфузли таълим ва илмий марказлар, халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва изчиллик билан ривожлантириш орқали олий таълим муассасалари, шунингдек, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказларининг ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига улар томонидан чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга тавсия қилинаётган номзодларни Жамғарма базасида дастлабки тайёрлашни ташкил қилишда кўмаклашиш;

иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамият тизимининг истиқболли мутахассислари, педагоглари, илмий кадрлари ва иқтидорли ёшларнинг илмий-педагогик ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни эгаллашлари учун уларнинг нуфузли халқаро симпозиумлар, анжуманлар, олимпиадалар ва танловларда иштирокини ташкил этиш;

чет элда малака оширган ва стажировка ўтаган мутахассислар, илмий педагог кадрлар, шунингдек, магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олганлар ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида анжуманлар, семинарлар, маҳорат дарслари, тренинг ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали илғор хорижий тажрибалар ҳамда педагогик технологияларни кенг жорий этиш ва оммалаштиришни таъминлаш;

келажакда иқтисодиётнинг асосий тармоқларида, шунингдек, янги, истиқболли фаолият соҳаларида, шу жумладан, сифатли кадрлар ва ресурслар захирасини яратиш ва тегишли йўналишлар бўйича илмий-таълим жараёнларини ҳар томонлама рағбатлантириш орқали замонавий материаллар ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида энг юқори даражада самарали фаолият олиб боришларини таъминлаш мақсадида стипендиатларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш;

иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларидаги республиканинг истиқболли мутахассислари, педагог ва илмий кадрларининг хорижда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олиш натижасида эгаллаган замонавий илғор билим ва кўникмаларини уларнинг меҳнат, педагогик ва илмий фаолияти тизимли мониторингини олиб бориш орқали амалиётга жорий этилишини таъминлаш;

стипендиатларни республика олий таълим муассасалари, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув жараёнларига изчил жалб этиш.

Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Васийлик кенгаши раҳбарлик қилади.

Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширади.

Педагог ва илмий кадрларнинг чет элнинг нуфузли таълим ва илмий муассасаларида малака оширишлари ва стажировка ўташлари, олий таълим муассасалари битирувчиларининг магистратура ва PhD дастурлари бўйича ўқишлари 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб мақсадли дастур асосида амалга оширилади.

Жамғарма фаолияти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағларининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдоридаги йиллик ажратмаси, Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган миқдорда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағларидан ажратмалар, шартнома асосида хўжалик фаолияти юритиш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ҳамда беғараз ёрдамлари, халқаро молия ташкилотлари грантлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Хорижда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга юбориш танлов асосида амалга оширилади.

Танловни ўтказиш Жамғарма томонидан ташкил этиладиган қабул комиссияси зиммасига юкланади. Комиссия танлов натижаларини умумлаштиради ва уларни Жамғарманинг Васийлик кенгаши тасдиғига тақдим этади.

Жамғарма стипендиялари Васийлик кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган мақсадли дастурлар асосида ажратилиб, чет элда таълим олиш учун тўланадиган маблағ, чет эл визасини олиш учун тўлов, йўл харажатлари (бир йилда хорижга бориш ва келиш учун бир марталик авиачипта, темир йўл чипталари ва бошқалар), турар жой ва овқатланиш ҳақи, дарслик ва ўқув қўлланмалар сотиб олиш учун ҳамда бевосита таълим билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларни қамраб олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш йўлидан бораётган барча иқтисодиёт тармоқларини янада юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва эркинлаштириш жараёнларини тезлаштириш, бозор иқтисодиёти тамойилларини ҳаётга кенг жорий этишга хизмат қиладиган, замонавий фан-техника ютуқлари, инновацион технологияларни пухта ўзлаштирган истиқболли мутахассисларни тарбиялаш, педагог кадрлар ва иқтидорли ёшларнинг илмий-педагогик ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

SHARE