Тарихий сабоқ: давлат нархларни назорат қилиши керакми? Аргентина тажрибаси

Давлат аралашуви ва нархлар назорати мамлакат фаровонлиги учун ачинарли оқибатларга сабаб бўлиши ва бу аҳвол узоқ йилларга чўзилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз. Колонка Kommersant.uz сайтида чоп этилди.

Беҳзод Ҳошимов – иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти. 2016 йил май ойидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технология университети математика бакалаври даражаларига эга. Висконсин университети жамоаси сафида Федерал Резерв томонидан 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган монетар сиёсат соҳасидаги энг яхши таклифлар танловида қатнашган.

Аргентина – ҳам иқтисодиёт фани ўқитувчилари, ҳам тадқиқотчилар учун энг севимли намуна. Бу мамлакат ХХ аср бошларида дунёнинг энг бой ўнта давлатидан бири эди, ҳозир эса юзталикдан зўрға жой олган (90- ўрин). Барқарор иқтисодий ўсиш аҳамияти ҳақида сўз кетганда, айнан Аргентина  “ёмон оқибат” жуда узоқ давом этиши мумкинлигининг, порлоқ келажакка, ривожланаётган иқтисодиётнинг ривожланган иқтисодиётга айланишига бўлган умид орзулигича қолиб кетишининг яққол мисоли бўлади.  Яқин-яқингача бу мамлакатда сиёсий иқтисодиёт нуқтаи назаридан нималар рўй берганлиги ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Университетдаги сиёсий иқтисодиёт ёки иқтисодий тараққиёт (development) курсида Аргентинага бир нечта кириш маърузалари ажратилади – бу мамлакат  иқтисодий (шунингдек, сиёсий) тарихи шунчалик ғайриоддийдир.

Швеция ва Аргентинада кейинги юз йил ичида ЯИМ ўсиши чизмалари. Манба: republic.ru

Ўта омадсиз иқтисодий сиёсатидан ташқари, Аргентина Жанубий Американинг маданий маркази эканлиги билан ҳам машҳурдир. Аргентинанинг ХХ аср адабиётидаги ўрнини XIX асрдаги рус адабиётига қиёслаш мумкин. Адабиёт ва футболдан ташқари, бу мамлакат грилда гўшт пишириш – асадо бўйича ажойиб  анъаналарга ҳам эга. Аргентина ҳар доим юқори сифатли, оғзингизда эриб кетувчи мол гўшти билан машҳур бўлган – у маҳаллий фермерлар ва аҳолининг фахри саналади.  Рационида яхшилаб қовурилган бир бўлак гўшт мавжуд бўлиши ҳар бир аргентиналикнинг фитрий ҳуқуқи саналади. 90- йилларда бу мамлакат Президенти америкалик нашрга интервью бера туриб: “Агар ўқувчиларингиз вегетариан бўлишса, мамлакатимга келиб ўтиришмасин”,– деганди. Чорвадорлик ва пазандачиликдаги шонли анъаналар бепоён пампаларда мол боқиб юрган фермерларни халқ қаҳрамонларига айлантирган – уларнинг меҳнати ва яшаш тарзини улуғловчи ўнлаб қўшиқлар, фильмлар юзага келган.

Фото: MercoPress

2005 йилда Аргентина жаҳонда мол гўштини экспорт қилиш бўйича учинчи ўринда турарди. Моллар сони мунтазам ошиб борди ва чорвачиликка инвестициялар жадал суръатларда ўсарди. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) бундай ўсиш ва гўшт ишлаб чиқарувчилар самарадорлигида бир неча йилдан кейин Аргентина мол гўшти ишлаб чиқариш экспортида мутлақ етакчи бўлиши прогнозини берди. Ушбу тармоққа инвестициялар ошгани сайин, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари: ем ишлаб чиқариш, транспорт-нақлиёт (денгиз ва қуруқликдаги транспорт), мол сўйишнинг инновациявий усуллари, совуткичлар саноати, гўшт маҳсулотларини қадоқлаш, димланган гўшт ва колбаса ишлаб чиқариш ва, ҳатто, консервалар учун темир банкалар ишлаб чиқариш ҳам жўшқин ривожлана бошлади. Ҳамма ривожланишда “портлаш” бўлишини кутар, инвестициялар тинмай оқиб келарди.

Бироқ, машъум 2006 йил 8 март куни Аргентина Президенти Нестор Киршнер нархларнинг тинимсиз ошиб боришини тўхтатиш мақсадида, мол гўшти экспортини 180 кунга тақиқлаш тўғрисида қатъий қарор қабул қилди. Тақиқ “мол гўштини экспортдан маҳаллий бозорга йўналтириш орқали, оддий аргентиналиклар учун гўштни ҳамёнбоп қилиш”и лозим эди, деб ёзади The Economist журнали.

Фото: Bairestours.ru

Бу тақиқга бир лаҳзада келингани йўқ. Аввал ҳукумат “Гўшт – ҳамма учун” дастури доирасида мол гўшти нархлари кўтарилишнинг оқибатини юмшатишга уринди ва Буэнос-Айресдаги истеъмолчилар учун ўндан зиёд турдаги мол гўшти турларини арзонга сотишни йўлга қўйди. Дастурга кўра, 2,5 тонна экспорт қилинган гўштга бир тонна гўшт ички бозорда, экспорт нархининг 50 фоизига сотилиши лозим эди. Шу тариқа, фермерлар ички бозорга имтиёз беришга мажбур эдилар.  Лекин, кутилганидек, дастур самара бермади.

Шу билан бирга, ҳукумат мол гўштига экспорт божини 5%дан 15%га кўтарди. Бу Аргентина мол гўшти рақобатбардошлигини Меркосур (Бразилия, Уругвай ва Парагвай)даги савдо шериклариникига қараганда сусайтирди – у мамлакатларда мол гўштига экспорт божи солинмайди. Нархлар Президент кутганчалик миқёсда пасаймади ва 2005 йил охиридан бошлаб ҳукумат ва гўшт ишлаб чиқарувчилар (шунингдек, сотувчилар) ўртасида узоқ музокаралар бошланди. Ҳукумат, яхшигина сиёсий ва ахборот босимидан фойдаланиб, экспорт ҳажмини 2005 йил кўрсаткичларига нисбатан 20 фоизга тушириш бўйича келишувга эришди, лекин амалда бу рўй бермади (ўйинлар назариясига саломлар!) . Тақиқ киритилди. Лекин, даҳшатли оқибатлар юзага кела бошлагани сабабли, ҳукумат тақиқни юмшата борди ва 26 майда (78 кундан кейин) экспортга тақиқ олиб ташланиб, унинг ўрнига квоталар киритилди.

Тақиқ ва кейинги квоталар натижасида 2005–2013 йиллар орасида мол гўшти экспорти 76%га қисқарди. Табиийки, бу тармоққа инвестициялар тўхтади (ва қайтиб тикланмади), 2006 йилдан 2010 йилга қадар чорва боши қарийб 28 фоизга қисқарди. Бугунги кунда, экспорт тақиқланганидан 11 йил ўтиб, ҳали-ҳануз чорва сони 2006 йил кўрсаткичига чиқа олмаган. Йирик шохли қорамол сонининг қисқариши мол гўшти нархининг кескин кўтарилишига олиб келди. Бозор ўсиб бораётган талабни қондира оладиган аҳволда эмасди ва вазиятга нархларнинг янада кўтарилиши билан жавоб берди. Шундай вақт ҳам бўлдики, Аргентина мол гўштини четдан сотиб ола бошлади.

Фото: Worlwildlife.org

Инвестицияларнинг тўхташи, корхоналарнинг ёпилиши, иш ўринлари қисқариши, ёндош саноатларнинг йўқ бўлиб кетиши – Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган, бир қарашда “халқпарвар” кўринган  чора оқибатларининг қисқача рўйхати мана шундай. Sociedad Rural Argentina Иқтисодий тадқиқотлар институти раҳбари Луис Мигель Этчевере сўзларига кўра, кейинги ўн йиллик “йўқотилган ўн йиллик” бўлди, унинг давомида сунъий арзон мол гўшти “тармоқ рақобатбардошлигини барбод қилди” ва 12 млн бош қорамолни йўқотишга олиб келди. Бугунга келиб ҳам, Аргентинада мол гўшти арзонлашмади, бир пайтлар энг йирик экспортчилардан саналган мамлакат эса, бу рўйхатда 12- ўринга тушиб қолди.

Бу интервенциянинг иқтисодий оқибатлари ҳалокатли бўлди: мол гўшти экспортининг ўзида йўқотишлар ўнлаб миллиард долларга тенг. Истеъмолчи ортиқлиги, ишсизлик ва корхоналар ёпилишидан кўрилган зарарларни ҳисоблаб чиқиш мураккаб масала. Бу мавзу бўйича бир қанча илмий мақолалар чоп этилди, уларда берилган хулосалар кишини руҳлантирмайди: умумий иқтисодиётга етказилган зарар ниҳоятда катта, уни тиклаш учун анча вақт талаб қилинади. Ҳукуматнинг бу ҳаракатлари (шартномаларнинг бажарилмаслиги, инвесторларнинг тиккан пулига куйиб қолишлари) сабабли мамлакат обрўсига етган путур “ҳақи”ни аргентиналикларнинг яна бир қанча авлоди тўлашга мажбур.

Қиссадан ҳисса шуки, у ёки бу чекловлар, давлатнинг аралашуви ёки нархлар назорати (бизнинг ҳолатимизда – гўшт ишлаб чиқарувчилар учун) мамлакат фаровонлигига узоқ йиллик ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистонда кейинги вақтда гўшт ва гўшт маҳсулотларига нархлар кўтарилишини кузатмоқдамиз. Бунда Аргентина берадиган сабоқ биз учун ниҳоятда муҳим. Ўз бошидан ўтказгандан кўра, бировларнинг хатосидан хулоса чиқарган маъқул.

SHARE