Ўзбекистонлик ҳарбийлар Туркияда ўқитилади

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида 26 июль куни Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ҳарбий-таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг тажриба ва билим алмашишини мустаҳкамлаш, ҳарбий-техника соҳасида икки томонлама муносабатларни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, 2018 йилда Туркия ҳарбий-ўқув юртлари ва марказларининг тайёрлов курсларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини ўқитишни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Туркия делегацияси аъзолари Темурийлар тарихи давлат музейида бўлди ва бу ердаги бой экспозиция билан танишди. Шунингдек, меҳмонлар “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасини ҳам зиёрат қилди.

Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли ЎзА мухбирига интервьюсида Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти мустаҳкам, юқори салоҳият ва бой тажрибага эга эканлигини қайд этган. “Бироқ муносабатларимизнинг ҳозирги ҳолатини мавжуд имкониятларимиз даражасида, деб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, амалий ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдик”, деди вазир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаниклини қабул қилди.

SHARE