Тошкентдаги янги қурилган уйлардан хонадон сотиб олганларга доимий прописка берилади

Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги 527-сонли қарори билан пойтахтда ҳамда Тошкент вилоятида бошқа шаҳар ва вилоят вакиллари, шунингдек, чет эл фуқароларига ҳамда фуқаролиги йўқ шахсларга кўчмас мулк реализацияси тартиби белгиланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Белгиланган янги тартибга кўра, энди Тошкент шаҳри ва вилоятида бу ҳудудда доимий пропискага эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар ҳам сотиб олиши мумкин.

Daryo.uz сайти ёзишича, бунда харид қилинаётган кўчмас мулкнинг кўриниши ва нархи, шунингдек, ҳисоб-китоблар амалга оширилиш тартиби муҳим ўрин тутади.

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароси кўрсатилган ҳудуддаги янги қурилаётган ёки қурилган уйлардан нархи энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробаридан кам бўлмаган хонадонни ҳисоб-китобларни банк ҳисоб рақамлари орқали амалга оширган ҳолда харид қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ёки вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келган, ўша минтақаларда доимий пропискага эга чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги йўқ шахсларга худди шу шартларда уй харид қилишга рухсат этилади.

Тошкент шаҳри ёки вилоятига бошқа давлатдан ташриф буюриб, яшаш учун рухсатнома олган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахслар эса янги қурилаётган уйлардан нархи 150 минг доллардан кам бўлмаган хонадон сотиб олиши талаб этилади. Ҳисоб-китоб банкдаги ҳисоб рақамлари орқали, чет эл валютасини Ўзбекистоннинг ваколатли банкларига сотиш йўли билан олинган миллий валютада амалга оширилади.

Янги қурилган ёки қурилаётган уй деганда, ҳужжатга кўра, эксплуатацияга топширилганига 3 йилдан ошмаган бинолар тушунилади.

Кўчмас мулк юқоридаги шартлар асосида харид қилинганидан кейин уни 3 йил давомида қайта бошқа шахс номига ўтказиш учун олди-сотди, алмашиш ёки совға қилиш шартномасини нотариал расмийлаштириш учун давлат божи миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баробарини ташкил этади.

Шу тариқа, юқоридаги тартиб асосида Тошкент шаҳри ёки вилояти ҳудудидан хонадон сотиб олганлар кўрсатилган ҳудудда доимий пропискадан ўтишга даъвогарлик қилиши мумкин бўлади.

SHARE