Ўзбекистонда қуролнинг алоҳида турларини олиб юришга рухсат берилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига «Қуроллар тўғрисида»ги ва «Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майдаги 222-II сонли «Лицензия талаб этадиган фаолиятлар турлари рўйхати тўғрисида»ги қарорига 1-сонли иловага ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари жойланди, деб ёзади Norma.

Лойиҳани ишлаб чиққан орган — Ички ишлар вазирлиги фикрича, амалдаги норматив-ҳуқуқий базанинг нотўлиқ ва номукаммаллиги, ягона механизм йўқлиги туфайли қонунни қабул қилиш зарурияти мавжуд.

Қонун лойиҳаси қуролни нима учун мўлжалланганлигига қараб фуқаролик, хизмат ва жангари турларига ажратади.

Лойиҳага мувофиқ, тўққиз субъект қурол ва ўқ-дорилар сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади, булар:

  • ҳарбий қисмлар, махсус органлар ва бўлинмалар;
  • алоҳида хизмат вазифаларига эга юридик шахслар;
  • қурол ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • қурол сотиш билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • овчилик ва ўқ отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • қуролни коллекция қилиш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • Ўзбекистон фуқаролари;
  • чет эл фуқаролари;
  • мамлакатда доимий яшайдиган, фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Ҳарбий қисмлар ва махсус хизматлардан ташқари ҳамма сотиб олинаётган қуролни рўйхатдан ўтказиш керак. Рўйхатдан ўтказиш тартибини ҳукумат белгилайди.

Фуқаролик ва хизмат қуролларини қуйидаги шартлар билан қўллаш мумкин бўлади:

  • ҳаёти, соғлиғи ёки шахсий мулкини ҳимоя қилиш учун;
  • мудофаага зарурат бўлганида ёки ўта зарур пайтда;
  • қўллашдан аввал аниқ айтилган огоҳлантириш билан.
SHARE