“Жанубий Кореяда ўзбек ишчиларининг имижи тушиб бормоқда”

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг бошлиғи вазифасини бажарувчиси Хўжабаҳлил Асомовнинг  таъкидлашича, Жанубий Кореяда ўзбек ишчиларининг имижи тушиб бормоқда. У Жанубий Кореяга ишлаш учун кетиш вақтида олинган имтиҳонда юзага чиққан машмаша ҳақида Kun.uz нашрига изоҳ бера туриб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Бу масала нафақат Ўзбекистонда, балки айрим чет эл давлатларида ҳам ўзига хос реакция келтириб чиқарди. Айтишим мумкинки, ўша жараёнга масъул барча раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этилди. Тест синовларини ташкил этишда келгусида янгича ёндашув қўлланилади. Яъни, чет давлатга ишлагани кетмоқчи бўлган фуқаро йил ўн икки ой, ҳафтанинг беш кунида тест топширишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, ушбу тестларга агентлик сайти орқали тайёргарлик кўриш имконияти тақдим этилади. Бу билан улар ўз билимларини ошириб боришади. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, бу тизим тўлиқ ишга тушгач, аҳоли ўртасида қайта тест синовлари бўлиб ўтади”.

Хўжабаҳлил Асомовнинг фикрича, Кореяда ўзбек ишчиларининг имижи тушиб боришига қатор сабаблар бор. Масалан, булардан энг каттаси уларнинг тил билмаслигида экан. Яна бир сабаб ўзбек мигрантлари ўз иш жойларини тез-тез ўзгартириб туришаркан. Ҳужжатсиз равишда автомобиль бошқариш ва турли қоидабузишлар ҳам буларга мисол бўла олади.

“Шуни қўшимча қилиб ўтишни истардимки, Корея томони кейинги синовларда мигрантларнинг нафақат тил билишига, балки уларнинг касбий малакасини текшириш учун ҳам тест ўтказишади”, деди Хўжабаҳлил Асомов.

SHARE