Россияда ёнғинда 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Ленинград вилоятининг Колпино шаҳридаги ангарда юзага келган ёнғинда 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.

«Ёнғин майдони 600 квадрат метрни ташкил этди. Том қисман қулаб тушди. Алангаланиш тезда бартараф этилди. Бироқ вайроналар остидан 7 нафар ишчининг жасади топилди», — деди агентликнинг фавқулодда хизматлардаги манбаси.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўлганларнинг барчаси йўлак плиткаси ишлаб чиқариладиган ангарда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги топшириғига биноан воқеанинг бутун тафсилотларини ва ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш жараёнида иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакиллари Москва шаҳридан Санкт-Петербург шаҳрига учиб кетдилар.

SHARE