М-39 халқаро автомобиль йўлининг Қозоғистондан ўтган қисми очилди

Жанубий Қозоғистон вилоятида “Тошкент — Термиз” йўналишида М-39 халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўли ва “Сирдарё” ўтказиш пункти очилди. Ушбу йўлнинг очилиши маросимида иштирок этганлар йўлнинг қайта очилиши биродар икки халқ ўртасида “олтин кўприк” вазифасини бажаришини қайд этишди.

Фото: Самат Мырзалиев/kazinform.uz

Шуни қайд этиш керакки, М-39 халқаро автомобиль йўли Ўзбекистонга Олмаота, Жамбил, Жанубий-Қозоғистон вилоятлари орқали ўтади. Мақтаарал тумани орқали ўтадиган ушбу йўлнинг узунлиги 24,1 километрни ташкил қилади. Мазкур йўл очилганидан сўнг йўл қатнови 80 километрга қисқаради.

Фото: Самат Мырзалиев/kazinform.uz

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари У. Розуқулов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқалар иштирок этди.

газета.uz

Газета.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Президентининг 26 апрелдаги қарорига мувофиқ, участканинг очилиши 15 майга мўлжалланган эди, аммо ушбу сана ортга сурилди. Йўлдан фақат енгил автотранспорт ўтиши мумкин, тижорий мақсадларда юк ва товарлар олиб ўтиш тақиқланган.

Мақтаорол туманига тўхтовсиз транзит билан борувчи Ўзбекистон фуқаролари осонлаштирилган тартибда ўтказилади — чегарадан ўтиш белгилари қўйилмайди. Давлат чегарасидан ўтиш ҳуқуқини берувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади.

Қозоғистонга нотранзит мақсадларда борувчи Ўзбекистон фуқароларига, шунингдек, Қозоғистон фуқароларига нисбатан чегара назорати қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро келишувларига биноан амалга оширилади.

Божхона назорати осонлаштирилган тартибда амалга оширилади, божхона декларацияси тўлдирилиши, транспорт воситаларининг рўйхатга олиниши ва божхона назоратидан ўтказилиши талаб этилмайди, лекин улар визуал кўздан кечирилади.

SHARE