Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги 9 йил олдин ёпилган чегара постлари яна ишга тушди

    Ўзбекистон–Қозоғистон чегарасидаги, 2008 йилда ёпилган “Сирдарё” ва “Целинний” ўтказиш пунктлари яна очилди,– деб хабар беради “Казинформ” ахборот агентлиги. Яна учта божхона-ўтказиш пунктлари куну-тун ишлаш режимига ўтади.

    Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараолди божхона идоралари вакилларининг учрашувида шу ҳақда хабар берилган. Учрашувда, шунингдек, товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштириш жараёнини жадаллаштириш, ўтказиш пунктлари оралиғидаги йўллар ва кўприкларни кенгайтириш, “Қозиқурт”, “Қоплонбек”, “Атамекен” ўтказиш пунктларини туну-кун ишлаш режимига ўтказиш, жисмоний шахсларнинг чегарани кесиб ўтишлари учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама этилди.

    Музокаралар натижаси ўлароқ, бир нечта масалалар юзасидан бир қарорга келинди. Жумладан, Жанубий Қозоғистон вилояти Махтаорол туманидаги, 2008 йилда ёпилган “Сирдарё” ва “Целинний” ўтказиш пунктлари июль ойидан яна иш бошлайди.

    Ўзбекистон томони билан келишувдан сўнг, авваллари фақат кундузи ишлаган “Қозиқурт”, “Қоплонбек”, “Атамекен” ўтказиш пунктлари туну-кун ишлаш режимига ўтказилишига қарор қилинди.

    Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудудидаги постлар мунтазам янгиланиб, янги технологиялар билан таъминланади. Жумладан, транспорт учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни жадаллашади. Масалан, ҳозирда бу турдаги ҳужжатни расмийлаштиришга 38 дақиқа вақт кетади. Янги технология бу вақтни 25 дақиқагача қисқартириш имконини беради. Барча амалга оширилган чоралар бир кунда 40 минг кишининг чегарани кесиб ўтишига имкон беради.

    SHARE