Қозоғистондаги ЙТҲда жабрланган ўзбекистонликлар сўзлари

    22 июнь куни «Самара—Чимкент» трассасанинг 946-километрида, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида салонида 50 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетган эди. Ҳодиса оқибатида тўққиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 17 нафари тан жароҳати олган эди. Барча жабрланувчилар ва қурбонларнинг жасадлари 24 июнь куни махсус самолётда Ўзбекистонга олиб келинган. Юз берган ҳодиса муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти ҳамдардлик изҳор қилган. Куни кеча Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир қатор жабрланувчилар билан уюштирилган қисқа интервьюларни эълон қилди.

    Илҳомжон Қурбонов

    Қозоғистондаги ЙТҲ жабрланувчиси; ҳодиса оқибатида унинг ўғли вафот этган. Фарғона вилояти, Риштон тумани, «Меҳнатобод» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшайди.

    Чўлда кетаётганимизда автобус бирдан ағдарилиб кетиб, мени ва ёнимдагиларни ваҳима босди. Автобусдаги нарсалар устимизга ағдарила бошлади. Белим билан ўтирғичга зарб билан бориб урилдим, нима бўлганини тушунолмай қолдим. Одамларнинг бақир-чақири эшитилди, ўрнимдан туришга қийналдим.

    Қозоғистон ички ишлар ходимлари ва йўловчилар тўхтаб, дарҳол ёрдам берди. Бироз вақт ўтгач, қутқарувчилар етиб келди ва барчамизни автобус ичидан олиб чиқди. Кейин бизни шаҳарга олиб кетишди.

    Ҳаммамизга тиббий ёрдам кўрсатилди, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлашди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган йўловчиларнинг жасадларини тобутга солиб қўйишди. Шундан сўнг узоқ юрдик ва самолётга ўтириб, Ўзбекистонга етиб келдик.

    Бўлиб ўтган воқеада ўғлим вафот этганидан қаттиқ изтиробдаман. Ватанга тезкорлик билан қайтариб олиб келишгани, кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон Президентидан алоҳида миннатдорман. Агар зудлик билан Ватанга қайтаришмаганида, билмадим, ҳолимиз не кечарди.

    Ғайрат Сайфиев

    Самарқанд вилояти, Нуробод тумани, «Жарқудуқ» қишлоқ фуқаролар йиғини, «Олтиўғил» маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди.

    Автобусда ҳайдовчилар алмашганини кўрдим, оз вақт ўтиб, ўзим ухлаб қолибман. Тўсатдан автобусга нимадир бўлди. Қўрқиб кетдим. Билсам, автобус ағдарилиб кетибди. Беморларга ёрдам кўрсатишди, менга ҳеч нарса қилмади. Бироқ, афсуски, автобусдаги йўловчиларнинг айримлари вафот этган экан.

    Қозоғистон полициячилари, қутқарувчилари, шифокорлари бизга яхши қаради. Қандай қилиб уйга етиб олар эканмиз, деб ўйлаб турганимда, яхши ҳамки, самолёт келди ва барчамиз Ватанга қайтдик. Мана шундай ғамхўрлик учун Ўзбекистон раҳбариятидан миннатдормиз. Қозоғистонга юборилган самолёт, кўрсатилган ҳар томонлама ёрдам учун раҳмат!

    Нурали Қодиров

    Сирдарё вилояти, Сардоба тумани, Улуғбек кўчаси, 39-уйда яшайди.

    Нима бўлаётганини ўзим ҳам билмай қолдим. Бирдан автобусда одамларнинг ваҳимали овозлари эшитилди. Қўлимни уриб олдим, бошқа жойимга ҳеч нарса қилмади. Бир кундан сўнг Ўзбекистондан самолёт учиб келди ва биз Ватанга қайтиб келдик. Биз билан бирга бўлган одамларнинг вафот этгани ачинарли.

    Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Бизга яқиндан ёрдам кўрсатгани учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги ходимларига раҳмат.

    Беҳрузбек Холматов

    Сурхондарё вилояти, Узун тумани, «Телпакчилар» қишлоқ фуқаролар йиғини, «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди.

    Авария бўлган вақт жуда ҳам қўрқиб кетдим — олдим ўтирганларнинг бошидан жароҳат олганини кўрдим. Йўлдаги ўткинчи автомобилларнинг йўловчилари келиб ёрдам берди. Вафот этганлар ҳам бор экан, уларни ҳам олиб чиқишди.

    Ҳаммамизни қандайдир бинога олиб кетишди, биз у ерда дам олдик. Қозоғистон ички ишлар ходимлари биздан нима бўлганини сўраб олди. Бир кундан сўнг самолётга ўтириб, Ўзбекистонга қайтиб келдик.

    Кўрсатилган ёрдам учун раҳмат айтамиз. Ўзбекистонда инсонпарварликка, муҳтож одамга ёрдам қўли узатилишига, ҳеч ким ҳеч қачон эътибордан четда қолиб кетмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

    SHARE