Ўзбекистон ўз Silicon Valley’сини ташкил қилади

    Ўзбекистонда билан биринчи маротаба ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектларни, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирадиган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази тузилмоқда.

    Бу борада тегишли фармонда қайд этилишича, халқаро иқтисодий ташкилотлар томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ҳозирги пайтда дунёда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) инновацияларнинг ривожланишида, мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини оширишда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда АКТнинг ривожланиш ҳолати ва мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ўртасидаги боғлиқлик илмий исботланган.

    Экспорт бор-йўғи 3,3 миллион доллар  

    Бироқ аксарият ривожланган давлатларга таққослаганда Ўзбекистонда ахборот технологияларининг бугунги ҳолати, уларни иқтисодиёт соҳасига жорий қилиш, шунингдек экспорт даражаси паст бўлиб қолмоқда, рақобатдош ахборот технологиялари соҳасини шакллантиришда мамлакатимизнинг илмий-тадқиқот салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу ўз навбатида давлатимизнинг халқаро рейтингига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

    Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг Facebook’даги саҳифасида жойлаштирилган тақдимотда айтилишича, бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 1,9 фоизни ташкил қилади. Миллий реестрда 149 ахборот технологиялари рўйхатдан ўтган. Уларнинг экспорти йилига 3,3 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда соҳада малакали мутахассисларнинг хорижга чиқиб кетиши авж олган.

    Давлат ўз бўйнига олади

    АКТнинг жадал ривожланиши янги имкониятларни очиб берар экан, давлат томонидан кенг кўламли қўллаб-қувватлашни ҳамда республиканинг халқаро АКТ бозоридаги ўрнини кучайтиришни талаб қилади.

    Инновация маркази мамлакат ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинди, яъни АКТ соҳасидаги корхоналар республикада жойлашган ҳудудидан қатъи назар, Инновация маркази резидентлари бўлиши мумкин. Ушбу тамойил мамлакатда АКТ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга хизмат қилади.

    Ўзбекистон Беларусдан ўрнак олади
    Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг Daryo.uz сайтига берган интервьюсида қайд этилишича, ушбу соҳадаги муваффақиятли фаолиятга ажойиб мисол Беларусь Республикаси ҳисобланади.

    Беларусь буюртмали дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича дунёнинг 20 та энг яхши мамлакатлари қаторига киради. Кўп жиҳатдан бунга соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши эвазига эришилди. Республикада Юқори технологиялар парки (ЮТП)ни яратишди. ЮТП резидентлари даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ер солиғи, кўчмас мулк солиғидан озод қилинган. Бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Беларусь ЮТП — виртуал Парк. Ҳуқуқий режим бутун мамлакат ҳудудида амал қилади.

    Беларуссия Юқори технологиялар парки мамлакат раҳбарининг қарори асосида 2005 йилда ташкил қилинган. Унинг асосий мақсади мамлакатдаги дастурий таъминот ва ахборот-коммуникация технологиялари ишлаб чиқарувчилари учун мақбул муҳит яратишдан иборат.

    Бугунги кунда мазкур тузилмага 173 нафар компания ва фирмалар аъзо бўлишган. Бу тадбиркорлик субъектлари 2020 йилгача барча турдаги корпоратив солиқ, жумладан қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғидан озод қилинган. Мазкур ишлаб чиқарувчиларнинг ходимларидан олинадиган даромад солиғи белгиланган 9% дан ошмайди ва умумий йиллик даромадга киритилмайди.

    Беларусь Юқори технологиялар парки ишлаб чиқарувчиларни рўйхатга олишнинг экстерриториаллик ҳуқуқига эга. Яъни, бу тузилма фақатгина белгиланган ҳудудда фаолият олиб бормайди. Унга мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида фаолият олиб бораётган компания аъзо бўлиши ва Юори технологиялар паркининг имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.

    Айни пайтда Юқори технологиялар паркида ишлаб чиқарилаётган 91,5% дастурий таъминот маҳсулотлари экспортга чиқарилмоқда. Улардан 40,2%и АҚШ ва Канада, 46,7%и Европа, 10,7%и Россия ва МДҲ мамлакатларига сотилмоқда.

    Айтиш жоизки, Юқори технологиялар паркига аъзо дастурий таъминот ишлаб чиқарувичлари яратган мобил иловалар бугун 193 та давлатда, 900 миллиондан зийод фойдаланувчиларига эга. Шунингдек, бу тузилма 66 мамлакатдан доимий буюртмачиларига эга.

    2016 йилда Беларуснинг умумий экспортида ЮТПнинг улуши 12% (820,6 млн доллар)ни ташкил қилган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган дастурий таъминот маҳсулот экспорти 86 долларни ташкил қилган..

    Фармонга мувофиқ, Инновация маркази резидентларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда биринчи навбатда қуйидаги имтиёз ва преференциялар кўзда тутилди:

    Биринчидан, 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга:

    барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

    белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

    ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этиш.

    Иккинчидан, Инновация маркази резидентларига ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган пул маблағлари доирасида ходимларга иш ҳақи ва дивидендларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан нақд бўлмаган шаклда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш, шунингдек экспорт контракти мавжуд бўлмаган ҳолда Интернет тармоғидаги онлайн дўконлар орқали ишлар ва хизматлар экспортини чет эл валютасида амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

    Учинчидан, Инновация маркази резидентларининг ходимлари учун қўшимча имтиёзлар, жумладан 2028 йилнинг 1 январига қадар олинган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар 7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича фуқароларнинг суғурта бадалларига тортилиши кўзда тутилган. Бунда ушбу даромадлар солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгилаб қўйилди.

    Солиштириш учун:  агар Ўзбекистон фуқароси энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кўп даромад қилса, 23 фоиз миқдорида солиқ тўлайди.

    Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳар йили берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг АКТ миллий бозорининг ривожланишига таъсири, ички ва ташқи бозорларда дастурий маҳсулотлар ва АКТ хизматларининг рақобатбардошлиги даражаси таҳлил қилиб борилади ҳамда таҳлил натижалари кейинчалик Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.

    Масъул идоралар томонидан республикада товарлар ва хизматларга ҳақ тўлаш учун халқаро тўлов карталарини қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентларининг банк ҳисобларига Интернет тармоғидаги онлайн дўконлари орқали товарлар ва хизматларни сотишдан олинган валюта тушумини ҳисобга тушириш тизимининг тўлақонли ишлашига доир зарур чоралар кўрилади.

    Мазкур Фармоннинг амалга оширилиши ахборот технологияларининг янада ривожланиши, АКТ соҳасида мутахассисларнинг иштирокини кенгайтириш, илмий-тадқиқот ташкилотларининг ҳамда олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш билан ҳамкорлигини таъминлаш учун зарур ташкилий-техник ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради.

    Янги марказнинг ташкил этилиши билан 2021 йилга бориб, 600 дан ортиқ резидент компаниялар ташкил қилиш, экспорт ҳажмини 30 миллион доллардан ошириш, 10 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил қилиш, АКТнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 4 фоизга чиқариш кўзда тутиляпти.

    Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари:

    хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

    АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда Инновация маркази резидентларига кўмаклашиш;

    олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашда, шу жумладан иқтидорли ёшлар томонидан «старт-ап» лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан иштирок этиш;

    қисқа муддатли ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан АКТ соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил қилиш;

    ёш тадбиркорлар томонидан ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги истиқболли йўналишлар бўйича инновация лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш.

    SHARE