Ўзбекистонда АҚШнинг Webster университети факультети очилиши мумкин

Жорий йилнинг 27 июнь куни АҚШнинг Вебстер (Webster ) университети вице-президенти Питер Маҳер Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига ташриф буюрди.

Ташриф давомида ташкил этилган учрашув давомида ҳар икки Университетлар ўртасида имзоланган Меморандум бандларини бажариш мақсадида, Webster  университетининг халқаро таълим дастури асосида ТАТУда факультет ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Бошланғич музокаралар натижасида, “Ахборот технологиялари (Информатика, Киберхавфсизлик)”, “Медиа коммуникация (Телевизион технологиялари)” йўналишлари бўйича бакалавриатура дастурини ўқув жараёнига тадбиқ этиш юзасидан келишиб олинди.

28 июнда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида АҚШнинг Webster  университети таълим ишлари, халқаро кампус ва ташаббуслар бўйича вице-президенти Питер Маҳер билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Webster  университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетлари ўртасида АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди. Хусусан, биргаликда талабалар учун таълимий ва талаба алмашинув дастурларини, шунингдек илмий тадқиқотларни ташкил қилишда истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Webster  университети билан ҳамкорлик ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, халқаро стандартлар асосида соҳа мутахассисларининг замонавий билим ва кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

SHARE