Мустақилликнинг 26 йиллиги “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида нишонланади

Мустақилликнинг 26 йиллиги “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида нишонланади.

Шавкат Мирзиёев Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очган Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигини муносиб кутиб олиш, истиқлол даврида эришаётган ютуқларимизни яна бир бор сарҳисоб қилиб, эл-юртимизни янги марралар сари руҳлантириш мақсадида янги қарор қабул қилди.

Унда қайд этилишича, 1 сентябрь – Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади.

Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Қарорда мустақиллик байрамини нишонлаш мақсадида ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.

Мазкур дастур 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрланади.

SHARE