Тошкентдаги Ислом маданияти маркази Алишер Усмонов маблағлари ҳисобидан қурилади

Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ислом маданияти маркази ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарорда қайд этилишича, “Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилади”.

Марказ мамлакат асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Марказ Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилади.

Шунингдек, жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беради.

Ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга оширади.

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини (кейинги ўринларда – объект деб аталади), унинг таркибидаги кутубхона ва музейни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ёндош ҳудудда қуриш, унинг зарур моддий-техник базаси ва инфратузилмаларини барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш топширилган.

Марказни молиялаштириш манбалари сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушадиган ихтиёрий бадаллар, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳамда муайян лойиҳа ва грантлардан ажратилган маблағлар белгиланган.

Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайрия маблағлари даромад солиғидан озод қилинади.

SHARE