Расмий: Боровский номидаги тиббиёт коллежида жорий йилда қабул бўлмайди

П. Боровский номидаги тиббиёт коллежида 2 минг реал ўқувчи ўрни мавжуд бўлса-да, бугунги кунда 3 минг 94 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, коллежда ўқувчилар сони унинг қувватига нисбатан 1.5 баробар кўплиги, гуруҳларда ўқувчилар сони ўртача 36-38 нафарни ташкил этиши, ўқув хоналари етишмаслиги дарслар 2 сменада ташкил этилишига сабаб бўлган. Бу эса ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида тўгарак машғулотларига жалб этилишини чеклаб қўйган, яъни қўшимча машғулотларни ўтказиш учун бўш аудиторияларга жуда катта эҳтиёж сезилган

Қолаверса, ўқувчилар сонининг кўплиги жисмоний тарбия дарсларини спорт залларида ташкил этишда ўқувчиларни тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Яъни, айрим гуруҳларга жисмоний тарбия дарсларини ўтиш имкони бўлмаган.

Бундан ташқари, коллежнинг фаоллар зали ҳам йўқ. Бу ҳолат ўқувчилар ўртасида маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни ташкил этиш, ота-оналар йиғилишларини ўтказиш имконини бермайди. Устига-устак, уч минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган ушбу коллежнинг Ахборот ресурс маркази ўқув зали бор йўғи 34 ўқувчига мўлжалланган, холос.

Умуман, дарсларнинг 2 сменада ташкил этилганлиги, ўқув хоналарининг барчаси бандлиги, таълим муассасасида ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ота-оналар билан ишлаш, дарсдан ташқари ишларни ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этишда жиддий муаммоларни юзага келтирган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент шаҳридаги П.Ф.Боровский номли тиббиёт коллежига 2017-2018 ўқув йили учун қабул тўхтатилиши юзасидан тегишли таклифлар тайёрланди. Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашга тақдим этилди.

Мазкур ваколатли органлар томонидан таълим муассасасининг келгуси фаолияти билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бир ойча муқаддам П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг 1999 йилда туғилган, 17 ёшли талабаси Жасур Ибрагимов ўз курсдошлари томонидан калтакланган. У ўзига етказилган жароҳатлар ва ўтказилган мураккаб операцияларга дош бермасдан 1 июнь куни оламдан ўтди.

SHARE