Ўзбекистонликларнинг қарийб 57 фоизи мамлакатда коррупция бор деб ҳисоблайди

Нега фуқаролар коррупцияни оғизда қоралайдию, амалда пора берадилар?

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида фуқароларнинг ушбу иллатга муносабатини ўрганишди.

Респондентларнинг ярмидан кўпи (56,8 фоиз) жамиятимизда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда жамиятда коррупция мавжудлигини кўпроқ таъкидлаган.

Тадқиқотда қатнашган фуқароларнинг 76,3 фоизи фикрича, мазкур иллат ҳамма жойда эмас, балки жамиятнинг айрим соҳаларида бор. Масалан, респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш, яъни тиббиёт коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси турибди

(31,4 фоиз). Сўровда иштирок этган ҳамюртларимизнинг ҳар тўртинчиси айрим ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган, деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.

Респондентларнинг 64,4 фоизи коррупцияни ҳуқуқий, 51 фоизи иқтисодий, 46,3 фоизи ижтимоий, 45,8 фоизи ахлоқий муаммо сифатида билади.

Юртдошларимиз фикрича, фуқаролик жамияти кенг миқёсда ривожланмаганлиги, жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилмаганлиги, ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги каби муаммолар коррупциянинг турли идоралар фаолиятида кенг тарқалишига сабаб бўлаяпти. Мансабдор шахслар ваколат доирасининг кенглиги, уларнинг фуқаролар фаровонлиги билан боғлиқ қарорларни қабул қилишга таъсир этиш имконияти ҳам -коррупциянинг пайдо бўлиши эҳтимолини оширади.

Кейинги пайтда коррупцияга олиб келувчи сабаблар сифатида ушбу соҳада қонунчилик базаси такомиллашмаганлигини кўрсатувчи фуқаролар сони 8 фоизга камайгани (10,4 фоиз) эътиборга молик. Қонунга ҳурматсизлик, маҳаллий бошқарув органлари фаолияти шаффоф эмаслиги ҳам коррупцияга олиб келаётган сабаблар сифатида қайд этилган.

Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 91,8 фоизи коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, коррупцияга йўл очувчи шарт-шароитлар ҳамда сабабларни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолайдилар. Булар жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилаяпти. Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи коррупцияга қарши чора-тадбирларни “етарли даражада муваффақиятли” деб билишади.

Жамоатчилик фикри таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, охирги йилда юртимизда коррупцияга қарши курашишда ижобий тенденция кузатилаяпти, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони 9,3 фоиз ортган. Кўпчилик буни давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари институти жорий қилиниши билан боғламоқда.

Респондентларнинг 65,8 фоизи коррупционерларнинг катта қисми қилган жиноятлари учун, албатта, жазосини олишига ишончи комил эканлигини билдирган.

Фуқароларнинг фикрича, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг эмас, балки барчамиз учун ҳам биринчи галдаги вазифадир. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини кучайтириш, жамоатчиликнинг коррупцияга қарши муросасизлик кайфиятини шакллантириш ҳамда ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг янада очиқ ва шаффофлигини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш, қолаверса, фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш каби саъй-ҳаракатлар ҳам коррупцияга қарши курашиш чораларининг ажралмас қисми бўлиши керак.

Юртдошларимизнинг 41,3 фоизи давлат, ҳуқуқ-тартибот, бошқарув ва назорат органлари коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда жамият ва унинг фуқаролик институтлари билан яқин ҳамкорликда, ушбу институтларнинг фаол ва бевосита қўллаб-қувватлаши билангина юқори самарага эришиши мумкин, деб ҳисоблайди. Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпи фикрича, давлат билан жамият ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада. Қолган қисми эса ўртача ёки паст, деб баҳолаган. Бу натижалар мазкур соҳада ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда.

“Оилангиз аъзолари ёки яқинларингиз ҳаётида коррупция билан боғлиқ ҳодиса содир бўлганми?” Ушбу саволга респондентларнинг аксарияти салбий жавоб беришди. Аммо суиистеъмолликларга дуч келганлар ҳам кам эмас. Ушбу муаммога йўлиққан респондентлар орасида қишлоқ аҳолисига қараганда шаҳарликлар сони бир оз кўпчиликни ташкил этди. Респондентларнинг кўпчилиги яқинларидан мансабдор шахслар пора талаб қилгани билан боғлиқ ҳодисалардан хабардор эканини айтишган. Уларнинг 8,4 фоизи қариндошлари ёки танишлари ўзлари пора таклиф этганини таъкидлашса, 6,8 фоизи уларнинг яқинларига пора таклиф қилинганини билдиришган. Респондентларнинг 3,4 фоизи эса уларнинг қариндоши ёки дўсти пора олиш билан шуғулланганини тан олган.

Айрим респондентлар буни жамиятда “умумқабул қилинган тартиблар” билан боғлаган, яъни “У шунчаки ҳамма қилган ишни қилди, ажралиб қолишни истамади”, “Бу миннатдорчиликнинг умумқабул қилинган шакли” қабилида иш тутишади. Юртдошларимиз фикрича, уларнинг яқини ҳуқуқий билими саёзлиги, ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаслиги сабабли пора беришга рози бўлган.

Сўров натижалари кўрсатишича, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги мамлакат ҳаётининг ҳамма соҳасида коррупция, тамагирлик ва порахўрликка йўл қўйиб бўлмайди, деган фикрни билдирмоқда. Шу билан бирга, сўров натижаларига кўра, жамиятда порахўрликка нисбатан икки томонлама ахлоқий муносабат ҳам мавжуд: бундай ҳолатни оғизда қоралаш баробарида, кўпчилик фуқаролар амалда ўз муаммоларини ҳал этиш учун пора берадилар. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш ва фуқароларнинг коррупциянинг барча кўринишига муросасиз муносабатини тарбиялаш ишларини давом эттиришни тақозо қилади.

Сўров натижаларига қараганда, тадбиркорлар, фермерлар, якка тартибда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар тамагирликка энг кўп дуч келишган.

SHARE