Шавкат Мирзиёев Дональд Трампнинг сўзлари маъқул келганини қайд этди

АҚШ Президенти Дональд Трамп жаҳолатга қарши маърифат, таълим-тарбияни кучайтириш билан курашиш борасида аниқ ва конструктив таклифларни илгари сурди, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда.

“Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро саммитда катта-катта давлатлар, араб, мусулмон мамлакатлари ва АҚШ раҳбарияти бир фикрга алоҳида урғу беришди. Яъни, улар жаҳолатга қарши маърифат, таълим-тарбияни кучайтириш билан курашиш зарур эканини таъкидлашди.  Бу фикрлар диний масаладаги бизнинг ёндашувимиз билан уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир. Жумладан, АҚШ Президенти Дональд Трамп жаноби олийлари ҳам шу борада аниқ ва конструктив таклифларни илгари сурди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мен Президент сифатида Америка халқи ва ўз номимдан кафолат бераман, биз терроризм ва экстремизмга қарши қаттиқ кураш олиб борамиз, бу йўлда, қайси дин вакили бўлишимиздан қатъи назар, барчамиз бирлашишимиз зарур. Ер юзида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиши керак, деди АҚШ Президенти.

“Саммит минбаридан янграган бундай гаплар албатта бизга ҳам маъқул бўлди. Шу нуқтаи назардан қараганда, биз бугунги кунда ижтимоий-маънавий ҳаётимизни ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз, бунинг учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этишимиз шарт. Чунки ҳозирги вақтда дунё миқёсида ҳукм сураётган таҳликали вазият, сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан ташвишга тушмаётган бирорта давлат ёки жамият йўқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 21 май куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этган эди.

SHARE