Ўзбекистон гилос етиштириш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради

Жорий йилнинг 8 июн куни Тошкент шаҳрининг Radisson Blu меҳмонхонасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг «Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш» (AVC) лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан яқин ҳамкорликда анъанавий гилос кўрик-танловини ташкил этди.  Бу ҳақида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Джон Риордан тадбирда иштирок этаётган фермер хўжаликлари, агробизнес корхоналари ҳамда давлат ташкилотлари вакиллари, шунингдек қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юрутивчи махаллий ва хорижий экспертларни қутлаб, кириш нутқини сўзлади.

Танловда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келтирилган ўнлаб гилос навлари бозорбоплиги, йириклиги ва сифати бўйича 3 хил йўналишда намойиш этилди. Бундан ташқари, алоҳида соврин “Энг зўр гилос” номинациясида тақдим этилди.

Мазкур тадбир шунингдек иштирокчиларга турли вилоятлардан келган касбдошлари билан ўртоқлашиш ҳамда гилос етиштириш, қадоқлаш, сақлаш ва транспортда ташишнинг янги усуллари ҳакидаги семинар-тренингда ўзаро фикр алмашиш имкониятини яратиб берди. USAIDнинг амалий кўмаги ёрдамида, бугунги кунда Ўзбекистон 100 000 тонна хажм билан жаҳонда гилос етиштириш буйича бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

SHARE