БМТ Бош котиби Самарқанд, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларига келади

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё мамлакатлари — Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйлаб сафарга отланмоқда, деб ёзади «Газета.uz» БМТ Янгиликлар марказига таяниб.

8—9 июнь кунларини халқаро ташкилот раҳбари Остонада ўтказиб, у ерда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашади ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлайди.

10 июнь куни БМТ бош котиби Самарқандга келиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Куннинг иккинчи ярмида БМТ раҳбари Қорақалпоғистонга бориб, Оролбўйи минтақасини кўради. Ташриф дастурида Самарқанд, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларига бориш кўзда тутилган.

“Икки томонлама учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилиши режалаштирилган”, деб ёзади ЎзА.

11 июнь куни БМТ раҳбари Бишкекка келиб, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашади. Сўнг у 2010 йил июнидаги фожиали воқеаларга бағишланган тадбирларда қатнашади.

12 июнда Антониу Гутерриш Тожикистонга, 13 июнда эса Туркманистонга ташриф буюриб, ушбу мамлакатлар президентлари билан учрашади. Душанбеда у барқарор тараққиёт бўйича анжуманда нутқ сўзлайди, Ашхободда эса Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш стратегиясини амалга оширишга бағишланган юқори даражали музокараларда қатнашади.

SHARE