Марказий банк раҳбарияти тўлиқ янгиланмоқда. Валюта ислоҳотлари яқинми?

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев икки кун ичида мамлакат иқтисодиёти, шу жумладан, банк-молия соҳасида жиддий ислоҳотларни амалга оширди. Хусусан, Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов истеъфога чиқарилди, мамлакат монетар сиёсатини белгилайдиган Марказий банкка янги раҳбар тайинланди.

2000-2004 йилларда Молия вазири, 2004-2006 йилларда Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган Мамаризо Нурмуратов банк соҳасидаги асосий регуляторга раҳбар этиб тайинланди.

Янги раҳбарни сўм-купоннинг муомалага киритилиши, сўмнинг жорий этилишига бош бўлган ислоҳотчилардан бири сифатида тилга олишмоқда. Молия вазири бўлган даврда унинг бошчилигида ўша маълуму машҳур Меморандум [Халқаро валюта жамғармаси билан] тайёрланган ва сўмнинг тарихда илк марта эркин конвертацияланиши юз берган.

“Бекорга яқиндагина ташкил этилган импорт таркибини инвентаризациялаш бўйича комиссияга (халқ тилида конвертацияга тайёргарлик вазирлиги) уни раҳбар этиб қўйишмаган. Чунки барча даврларда, балки унинг кучли назариётчи экани, қарор қабул қилиш бозор мафкурасига таянишини  ҳисобга олиб энг оғир, энг “неблагодарний” участкаларга масъул қилишган”, деб ёзади kun.uz манбаси.

Uz24.uz интернет нашри экспертининг ёзишича, мамлакат банк соҳаси тарихидаги кўзга кўринган ислоҳотлар, жумладан, миллий валютанинг жорий қилиниши, унинг эркин конвертация қилиниши, банк соҳасининг ҳуқуқий асосларининг йўқдан яратилгани, тижорат банклари томонидан банкка хос бўлмаган ва нобанк вазифалар рўйхатини қисқартириш янги раҳбарнинг номи билан узвий боғлиқ. Унинг банк тизимига қайтиши билан ислоҳотчиларнинг ёш ва янги жамоаси шакллантирилиши кутиляпти.

Жамоа нечоғли ислоҳотчилардан таркиб топади? Бу ҳақида бирор нарса дейиш мушкул. Лекин Марказий банк бошқарувида биринчи куннинг ўзидаёқ принципиал ўзгаришлар юз берди.

Аввало, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Тимур Ишметов Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

У 2000 йили Тошкент Молия институтининг Молия ва кредит факультетини, 2005 йили Бирмингем университетининг International Money and Banking йўналиши бўйича магистратурасини, 2007 йили Тошкент Давлат Юридик институтининг “Ҳуқуқшунослик” факультетларини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2000 йили Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида иқтисодчи вазифасида бошлаган. 2017 йил апрель ойига қадар турли лавозимларда ишлаб, Марказий банкнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар департаменти, Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаментларига раҳбарлик қилган.

Шу пайтга қадар Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари бўлган  Саидкамол Ходжаев оддий ўринбосарликка ўтказилган. Марказий банк раиси ўринбосарлари – Шоҳруҳ Шораҳимович Шоаҳмедов ва Шерзод Юлдошевич Хажимуратов эса бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

Буларнинг барчаси Марказий банк атрофида ислоҳотчилар жамоаси йиғилаётганидан дарак бериши мумкин.

SHARE