“Тўғри мотивация тизими бўлмаса ҳар бирининг тепасига тўрттадан видеокамера қўйсангиз ҳам, мансабдорлар тўғри ишлашни бошламайди”

Давлат хизматларини тўлиқ интернетга кўчириш жамиятдаги муаммоларни ҳал қиладими? Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматовнинг шарҳловчи Бахтиёр Насимовга қайд этишича, «Электрон ҳукумат» бўйича нотўғри содда нуқтаи назар бор. «Бизнинг ишимизни онлайнга кўчириб берсангиз бўлди», — дейди муассасалар раҳбарлари мана шунинг ўзи илгарилаш эканлигига қаттиқ ишониб.

Вазирлик раҳбарининг Дарё.uz сайтида қайд этишича, аммо шу нарса аниқ-равшанки, онлайнга ўтказилган ҳужжатларни тасдиқлаш, лицензия бериш, рўйхатдан ўтказиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича мураккаб жараёнлар бутун мавжуд тартибсизлик ва чигалликларни қоғоздан «рақам»га кўчиради.

«Рақамлаштирилган тартибсизлик» қоғоздагисидан ҳеч бир жиҳати билан устун эмас.

Инновациялардаги энг мураккаб нарса — давлат органларида бизнес-жараёнлар реинжиниринги (Business process reengineering — BPR)ни жорий қилиш. Нима учун? Чунки давлат органининг бизнес-жараёнларини реинжиниринг қилиш мутлақо барча ишбилармонлик жараёнларини тубдан қайта тушуниб етиш ва тўлиқ қайта лойиҳалаштиришни талаб қилади. Бусиз вазирлик ва давлат хизматларини кўрсатувчи муассасалар ишини тубдан яхшилаш (KPI’ни кўтариш) мумкин эмас.

Биз доим такрорлаб келамизки, АКТни жорий қилишдан аввал давлат органига қандай функциялар ва вазифалар юкланганини ҳамда уларни амалга ошириш учун қайси тузилмавий бўлинмалар ва вазирликка қарашли ташкилотлар масъул эканлигини аниқ белгилаб олиш зарур.

АКТнинг ўзига хос жиҳати бор: агар вазифани нотўғри қўйсангиз, натижа ҳам нотўғри бўлиб чиқади. Вазифаларни ким қўяди? Давлат хизматчиси.

Ҳатто қийшиқ қилиб қурилган уйда ҳам бир иложини қилиб яшаш мумкин, аммо «қийшиқ» АКТ тизими ишламайди, холос.

Динамика қуйидагича: ахборот хизматларидан интерактив хизматларга, улардан эса — транзакция хизматларига. Давлат хизматлари трансформацияси — энг мураккаб босқич. Бу шунчаки лицензиялашни офлайндан онлайнга ўтказиш эмас.

Мана, масалан, Инҳа университетида Дата-марказ учун лицензия олишди. Савол туғилади: Дата-марказга лицензия олиш учун Давлат санитария-эпидемиология назорати ёки Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси рухсати нима учун керак? Бундай нарсаларни ҳеч бир давлат органининг ўзи ихтиёрий равишда тадбиркор учун соддалаштириб ўтирмайди. Улар бундай таклифнинг бирортаси билан ҳам чиқмайди.

Тўғри мотивация тизими бўлмаса ҳар бирининг тепасига тўрттадан видеокамера қўйсангиз ҳам, мансабдорлар тўғри ишлашни бошламайди.

Маъмурий ислоҳот керак. Биз барча давлат органлари ўртасидаги ягона тизимни ишлаб чиқмоқдамиз, у ижро тартибини ҳам, бутун ҳужжатлар айланмасини ҳам кўрсатиб беради.

Бизнес-жараёнларни бошқаришнинг шунга ўхшаш онлайн тизими (On-nara) Жанубий Кореяда жорий қилинган. Бу ҳукумат тузилмаларидаги барча жараёнларни рақамлаштириш орқали маҳсулдорлик ва мижозларни бошқаришнинг интеграцияланган тизимидир.

Ижрочига унинг back office’ида барча ҳужжатлар, барча буйруқлар кўриниб туради. Ҳар бир давлат хизматчиси битта дастурда ишлайди. Ягона интерфейс, ўзининг электрон-рақамли имзоси билан ишлайдиган ҳар бир давлат хизматчисининг иши бўйича барча статистика кўриниб туради.

Марказий маъмурий муассасалар ва маҳаллий ҳукумат органлари ўртасидаги вертикал ва горизонтал алоқалар орқали ахборот алмашинуви юз беради. Ушбу тизим ким ишчан, ким эса бекорчи эканлигини дарҳол кўрсатади.

Бундай тизим барча вазирликларда ижрочилик масъулиятини оширишга ёрдам беради. 2017 йилнинг июлида марказий аппаратлар (девонлар) даражасида жорий қилишни бошлаймиз. Аста-секинлик билан туманлар даражасигача етказилади. Бунга бир-икки йил вақт керак бўлади.

SHARE