“Тўқимачилик баённомаси” Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларида янги босқични бошлаб берадими?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга икки томонлама тўқимачилик Шартномасининг амал муддати тугаганини ҳисобга олиб Битим қоидаларининг тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдосига кенгроқ кўламда қўллаш мақсадида Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида Баённома (Тошкент, 2011 йил 7 апрель) ратификация қилинди. Ушбу битимни тор доирада “Тўқимачилик баённомаси” ҳам аташади.

Ўзбекистон парламенти матбуот хизматининг ёзишича, мазкур баённома ратификация қилиниши нафақат иқтисодий балки сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, баённома қабул қилиниши билан савдода энг қулай режим қўлланилади. Бундан олдин ушбу режим тўқимачилик товарларига нисбатан қўлланилмаган бўлиб, мазкур товарлар савдоси Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамияти ўртасида тўқимачилик маҳсулотларининг савдоси тўғрисидаги шартнома билан тартибга солинган эди. Унга кўра Европа иттифоқи ҳудудида  Ўзбекистондан тўқимачилик товарларини импорт қилиш учун иккиёқлама лицензиялаш тизими амал қилган эди. Ўз навбатида, мазкур қонун ушбу шартномага қилинган ҳаволаларни тўлиқ бартараф этади.

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ботиржон Асадовнинг ёзишича, “Тўқимачилик баённомаси” мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш, тўқимачилик саноатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.

Унга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик саноати маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишда импорт божини 12 фоиздан 6 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда. Европа бозорининг тўқимачилик саноати маҳсулотларига бўлган йиллик эҳтиёжи 120 млрд. доллардан ортиқ эканлигини ҳисобга олсак, миллий экспортчиларимиз учун бу жуда катта имконият эканлиги шубҳасиз.

 “Болалар меҳнати” кун тартибидан олиб ташланди

Шуни қайд этиш керакки, “болалар меҳнати” муаммоси туфайли Ғарб мамлакатларига Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш қарийб имконсиз эди.

2016 йил декабрида Европарламент Евроиттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувга “Тўқимачилик баённомаси” киритилишини ратификация қилган эди. Қарор Ўзбекистон Европа парламенти депутатларининг пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилишини йўқ қилиш борасидаги талабини бажарганидан сўнг қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти, шунингдек, АҚШ ва бошқа қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари билан муносабатлар кун тартибидан “болалар меҳнати” деб аталадиган масала олиб ташланди.

А. Комиловнинг фикрича, вазирлик ҳамда хориждаги қатор ваколатхоналаримизнинг беш йил давомида астойдил ва синчковлик билан олиб борган ишларидан сўнг Европа парламенти Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги “Тўқимачилик протоколи”ни маъқуллади. Ушбу битимнинг кучга кириши ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг Европа бозорларига экспортини ошириш имконини берибгина қолмасдан, Ғарб сармоядорларига Ўзбекистонга капитал киритиш учун ижобий ишорани ҳам йўллайди.

 

SHARE