Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан Нью-Йоркда учрашадими?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сентябрда АҚШга БМТнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказиладиган Бош ассамблеяси йиғилишида иштирок этиш учун расмий ташриф билан боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари Президент матбуот хизматидаги манбасига таяниб хабар берди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишининг етмиш биринчи сессияси шу йилнинг 13 сентябрида бўлиб ўтади.

“Ушбу йиғилиш доирасида Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас”, – деди манба.

Шавкат Мирзиёев 21 май куни Ар-Риёдда араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида АҚШ президенти Дональд Трамп билан илк марта учрашиб, ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашгани хабар қилинган эди.

“Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади”, деб ёзган эди ЎзА.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида  “Сиз билан жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида учрашамиз, деган умиддаман”, деб ёзган эди.

SHARE