Ўзбекистон ва Туркия: ўзаро муносабатлардаги турғунлик барҳам топмоқдами?

Ўзбекистон раҳбариятининг янги ташқи сиёсати гина-кудуратларни унутган ҳолда миллий манфаатларни илгари суришни кўзламоқда. Бундай муносабатни қўшни мамлакатлар, жумладан, Туркия билан олиб борилаётган фаол ҳамкорлик алоқалари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Даставвал Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида, жорий йил 14 май куни Пекин шаҳрида ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми доирасида учрашди. Бундан ташқари, шу йил бошида Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Туркияда музокаралар ўтказди, куни кеча эса Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича IV Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Умуман, Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, кейинги 7 ойда олий ва юқори даражада беш марта учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон ва Туркия компания ҳамда корхоналари иштирокида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ва Инвестиция форумида қарийб 2 миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари белгиланган. Таъкидлаш жоизки, бунга қадар Комиссиянинг уч йиғилиши ўтказилган, энг сўнггиси 2008 йилда Анқара шаҳрида бўлиб ўтган.

Хўш, икки мамлакат муносабатларини ривожлантиришда қандай муаммолар бор ва қайси йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари кутилаяпти?

Эски хатоларни такрорламаслик учун нима қилиш керак?

Маълумки, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари 2000—2014 йил давомида ўзининг энг қуйи нуқтасида бўлиб келди. Гарчи савдо, транзит ва бошқа иқтисодий муносабатлар барқарор турган бўлса-да, дипломатик алоқалар, сиёсий маслаҳатлашувлар қарийб музлаб қолган эди. Бунга объектив ва субъектив сабаблар бор эди.

Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешнинг сўзларига кўра, узоқ йиллик танаффусдан сўнг мазкур йиғилишнинг ўтказилиши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат учун кўплаб соҳаларда кенг қулайлик ва имтиёзлар яратиш бўйича биргаликда иш олиб боришга имкон беради. “Туркия Ўзбекистонни ота юрт, деб ҳисоблайди. Биз Ўзбекистонга яна қисқа вақт ичида қайтишга умид билдирамиз. Бугунги комиссия йиғилишида ижобий ёндошувларни кўриб, мамнун бўлдик. Эндиликда мазкур ҳамкорлик жараёнида қайта хатога йўл қўйиш мумкин эмас. Сиёсий алоқаларнинг ривожланиши иқтисодий муносабатларнинг чуқур илдиз отишига бевосита боғлиқ бўлади”, дейди у.

Ўзбекистон турк бизнесини фақат ишлаб чиқаришда кўришни истайдими?

Мадина Нурманова/Дарё

Турк бизнеси дунёда нафақат ишлаб чиқаришда, айни пайтда чакана савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш соҳаларда катта тажрибага эга. Рустам Азимов форумда чиқиш қилар экан, турк корхоналари бой тажриба ва замонавий технологияларга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон томонидан 1) электротехника маҳсулотлари, 2) пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр текстил маҳсулотлари; 3) пойабзал ва тайёр чарм маҳсулотлари; 4) замонавий қурилиш материаллари; 5) халқ истеъмол моллари; 6) озиқ-овқат маҳсулотлари; 7) дори воситаларини ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик таклиф қилинди.

Ўзбекистон Туркиянинг портларига кўз тиккан

Маълумки, Ўзбекистон учун денгиз портларига чиқиш ҳар доим ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган. Бугунги кунда Ўзбекистон денгиз портларига чиқиш учун муқобил вариантларни фаол изламоқда, айни пайтда транзит транспорт коридорларини ривожлантириб бормоқда. Бунда нафақат Форс кўрфази ва Шарқий Европа мамлакатлари портлари, шу билан бирга Туркия портлари муҳим ўрин тутади. Шу сабабли Аҳмет Довутўғли 2014 йилда “Туркиянинг портлари – Ўзбекистоннинг ҳам портларидир” деган  эди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг қайд этишича, икки давлатни боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт коридорини яратиш муҳим стратегик аҳамиятга эга.

“Биз “Боку—Ахалкалаки—Қарс” темир йўл коридори тез кунда ишга тушишидан манфаатдормиз. Ушбу темир йўли нафақат Ўзбекистон ва Туркия ўртасида, балки Европа мамлакатлари билан ҳам самарали савдо алмашинувига ўз ҳиссасини қўшади”, — деди Элёр Ғаниев.

Вазирнинг қайд этишича, Ўзбекистон янги таҳрирдаги «Автомобиль транспортида халқаро юк ташиш» бўйича битим имзолашни қўллаб-қувватлайди. Битим мамлакатлар автоташувчиларига икки давлат ҳудуди орқали мунтазам юк ташишни эркин ҳолда амалга оширишига имконият беради. Бу эса, ўз навбатида, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмига ижобий таъсир этади ва Ўзбекистон билан Туркиянинг мавжуд транзит салоҳиятини тўлиқ фойдаланишига имкон беради.

Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешнинг маълум қилишича, Туркия савдо-иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон билан катта лойиҳаларни амалга оширишга тайёр. Жумладан, Ўзбекистон томонидан Туркиянинг Зироат банки филиалини очиш таклифи маъқулланса, мамлакатга ушбу банк вакилларини чақириб, унинг филиалини очишни мақсад қилган.

Рустам Азимовнинг айтишича, Туркия Ziraat Bank’ининг Ўзбекистонда тўлиқ операцияларини ўтказувчи филиалини очиш бўйича келишувга эришилган. Банкнинг нафақат Тошкентда марказий идораси бўлади, балки Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Ziraat Bank’нинг филиаллари очилади ва Ўзбекистонга келган турк ишбилармонлари банк хизматларидан худди Туркиядаги каби фойдалана олади.

Туркия виза муаммосини ҳал қилишда ёрдам сўрамоқда

Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи фикрича, инвестицияларга оид масалаларни тезроқ ҳал қилиш керак.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

“Миллий валютада тижорат қилиш муҳим, — деди Зейбекчи. — Туркиядан миллионлаб кишилар ота юрти Ўзбекистонга келишни хоҳлайди. Бироқ бунда виза муаммоси мавжуд – шу масалада ёрдам берилишини сўраб қоламиз, зеро бу жуда муҳим масала. Туркияликлар Ўзбекистонда эмин-эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилиши керак. Биз ҳам ўз ўрнида, Туркиядаги ўзбекистонликларга янада қулай шароитлар яратамиз”, – дея сўзларини якунлади Туркия иқтисодиёт вазири.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов туркиялик ҳамкорларнинг мазкур таклифи чуқур ўрганиб чиқилишини таъкидлади.

Ўзбекистон туризм бўйича Туркиядан ўрганадиган жиҳатлар кўп

Туркия туризм бўйича дунё миқёсида олтинчи, Европада эса тўртинчи ўринда туради. Туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик, хусусан, замонавий сайёҳлик объектлари инфратузилмасини ривожлантириш, биргаликда сайёҳлик маҳсулотларини таклиф этиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича улкан салоҳият мавжуд.

Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида замонавий меҳмонхона комплексларини қуриш, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, туризм соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришилди.

Жумладан, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари ва узоқ ҳудудларида тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарни қуриш бўйича битимлар имзоланмоқда.

Икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида Англашув меморандуми имзоланган. Айни дамда, янги ташкил қилинган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси ҳам Туркиядан таклиф қилинган. Келажакда ўзбекистонлик туризм мутахассисларини ва шу соҳани танлаган ёшларни Туркияда ўқитиш режалаштирилмоқда.

Саккиз йилдан сўнг… Икки томонлама ҳамкорлик келажаги қандай?

Ўзбекистон Бош вазирининг  ўринбосари Рустам Азимовнинг маълум қилишича, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши сўнгги тўққиз йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда. “Бу жуда муҳим воқеа. Икки мамлакат президенти ҳукуматларга аниқ ва равшан топшириқ берган: Ўзбекистон ва Туркия алоқаларини барча жабҳаларда, аввало, иқтисодий, сармоявий, маданий ва бошқа йўналишларда кенг равишда ривожлантириш вазифаси қўйилган. Бугунги йиғилишда Туркия ҳукуматининг уч аъзоси иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Йиғилишда алоқаларимизнинг ҳуқуқий ва меъёрий асосларини такомиллаштиришни келишиб олдик”, деди у.

Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешнинг маълум қилишича, Ўзбекистонни бой маънавий мероси, теран давлатчилик анъанаси, оқилона бошқарув тизими туфайли порлоқ келажакка эга қардош давлат сифатида кўрамиз. Мамлакатингиздаги барқарорлик ва фаровонлик минтақадаги тараққиётнинг кафолати бўлгани каби, минтақада иқтисодий ҳамкорлик тараққиётининг ҳам муҳим бир шартидир.

Жаноб Азимовнинг таъкидлаганидек, бугунги йиғлишда биз томондан уч нафар ҳукумат аъзосининг иштирок этиши Туркия томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорликка берилган кучли аҳамиятнинг исботидир. Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистон ва Туркиянинг ҳамкорлик истиқболи жуда порлоқ. Чунки барча соҳалар президентлар назорати остида турибди.

ЎзА, Kun.uz, Daryo.uz матнларидан фойдаланилди.

.

SHARE