Ўзбекистонда гидроэлектростанциялар бўйича давлат идораси тузилди

Ўзбекистон гидроэнергетика ресурсларига бой мамлакат ҳисобланади. Бу борада республикамизда ўзлаштирилиши мумкин бўлган гидроэнергетика ресурслари йилига 27,4 миллиард киловатт/соат электроэнергия ишлаб чиқариш ҳажмига тенглигини айтишнинг ўзи кифоя. Шу билан бирга, ҳозирда мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятининг атиги 6,5 миллиард киловатт/соати ёки 23,7 фоизи ўзлаштирилган, холос.

Гидроэнергетика ресурслари табиий, экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаи бўлгани сабабли улардан фойдаланишни ҳар томонлама кенгайтириш республикамизнинг замонавий тараққиёт стратегиясига мосдир. Бу саноат ва коммунал корхоналари, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларда ахолининг электр энергиясига бўлган ошиб бораётган эҳтиёжини кафолатли қоплашни, мамлакатимиздаги органик ёқилғи захираларидан оқилона фойдаланиш ва уларни тежашни, шунингдек, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқарилиши камайтирилишини таъминлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон гидроэнергетика соҳаси 36 та гидроэлектростанцияларни ўз ичига олади, улардан 25 таси қирқ-саксон йил муқаддам ишга туширилган ва ўзининг техник ресурсларини деярли ўтаб бўлган, асбоб-ускуналар ва иншоотлар модернизация ва реконструкцияга муҳтождир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги ПҚ-2947-сонли қарори республикамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, электр энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи гидроэнергетик ресурслар улушини ошириш, янги экологик тоза ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда мавжуд гидроэлектростанцияларни техник ва технологик қайта жиҳозлаш мақсадида қабул қилинди.

Айтиш жоизки, гидроэлектростанцияларнинг умумий сонидан йилига ўртача 5,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга 28 таси “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимига киради, йилига ўртача 1,3 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга 8 та гидроэлектростанция эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги «Ўзсувэнерго» бирлашмаси тасарруфидадир. Бу каби бўлиниш пировардида гидроэнергетика соҳасини техник бошқаришнинг зарурий яхлитлигини таъминламайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан мамлакатимизнинг сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, гидроэнергетикани ривожлантиришга изчил равишда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилишини таъминлаш мақсадида илгари “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти таркибига кирган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувэнерго” бирлашмасига қарашли бўлган барча гидроэлектростанцияларни бирлаштирувчи “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш кўзда тутилган.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига республикамизда ва хорижда, жумладан, етакчи хорижий инжиниринг, консалтинг ва қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун консорциумлар ва ихтисослашган шўъба корхоналар ташкил этишга рухсат берилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ушбу мамлакат билан ҳамкорликда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция  қурилади.

SHARE