«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича маслаҳатлашувлар жадаллаштирилади

«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича маслаҳатлашувлар жадаллаштирилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнотида маълум қилинган.

“Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасини бирлаштирадиган самарали темир йўл йўлагини яратиш ҳамда «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича маслаҳатлашувларни жадаллаштириш заруратини қайд этдилар”, дейилади ҳужжатда.

Унга кўра, томонлар транспорт соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда иккала мамлакатни бирлаштирадиган темир йўл, автомобиль йўллари ва ҳаво транспорти йўлакларини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришнинг муҳим аҳамиятини таъкидладилар.

Томонлар, шунингдек, ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида Халқаро автомобиль қатнови тўғрисида битимнинг имзоланишини олқишладилар. Мазкур Битимни амалга ошириш ва миллий ташувчилар фаолияти ҳамда мавжуд транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш икки давлат ўртасидаги ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади.

 

SHARE