WannaCry товламачи-вируси Ўзбекистонга тарқамади

Вируснинг ҳаракатини кузатишга ихтисослашган хорижий сайтлар Ўзбекистонда ҳам WannaCry билан зарарланган компьютерлар борлиги ҳақида ахборот берган эди. Тошкентдаги Халқаро пресс-клубнинг 17 май кунги ишида қатнашган Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов етказилган зарар кўлами катта эмаслигини билдирди. Бу ҳақида Дарё.uz хабар тарқатди.

Вазирлик раҳбарининг қайд этишича, мамлакатдаги аксарият компьютерлар Windows’нинг «қароқчи» версияларида ишлаши шу сафар фойдага хизмат қилган. Лекин «бу мақтаниб гапирадиган нарса эмас»лигини Шерматовнинг ўзи ҳам тан олди.

“Тан олиб айтиш керак, бизда кўп компьютерлар лицензион ахборот воситаларидан кўра ҳар хил крэк қилинган тизимларда ишлайди. WannaCry эса, эътибор берган бўлсанглар, лицензияга эга бўлган Windows’ларда, автоматик янгилаш тизимидаги муаммо сабаб асосан ривожланган давлатларда тарқалди. Кўпроқ «пиратский» Windows’дан фойдаланадиган давлатларда вирус унчалик тарқалгани йўқ. Албатта, бу мақтаниб гапирадиган нарса эмас. Бу борада ҳукуматнинг олдига қўйилган вазифа бор. Нафақат давлат ишида ишлатилаётган, балки барча компьютерларда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича чоралар белгилаб олганмиз, бу йўналишда ишлашимиз керак”, деди вазир вазифасини бажарувчи.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни бутун дунё WannaCry товламачи-вируси тарқалди. Вирус Windows операцион тизимидаги компьютерларни «эгаллаб олиб», «асир олинган» компьютерни «озод қилиш» учун 300 доллар миқдорида товон пули талаб қилди. 15 май ҳолатига кўра, вирус жаҳоннинг 150 мамлакатига тарқалгани айтилмоқда.

SHARE