Ўзбекистонда Peugeot ва Citroen автомобиллари ишлаб чиқарилади

    “Ўзавтосаноат” компанияси ва «Пежо Ситроен» (PSA Peugeot Citroën) гуруҳи Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive қўшма корхонасини очиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Келишув 16 май куни Тошкентда имзоланди. Бу ҳақида Газета.uz сайти «Ўзавтосаноат» матбуот хизматига таяниб хабар тарқатди.

    Ишлаб чиқариш корхонаси «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида бунёд этилади. Завод Peugeot ва Citroёn брендлари остида йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади.

    Устав капитали 30 млн еврога тенг қўшма корхона ҳар икки томоннинг тенг улуши асосида фаолият юритади. Лойиҳа бўйича умумий инвестиция қарийб 130 млн еврога тенг.

    «Пежо Ситроен» гуруҳи янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий қилишда ва мутахассислар малакасини оширишда кўмак кўрсатади. Завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати, етказиб бериш ва савдо масалаларида «Пежо Ситроен”нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради.

    Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб қилиш йўли билан биринчи йилнинг ўзидаёқ янги қўшма корхонада 50 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» АК таркибида 30 га яқин йирик заводлар ва 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар айнан маҳаллийлаштириш дастури асосида иш олиб боради.

    Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 минг автомобиль ишлаб чиқарилади. Уларни Ўзбекистонда, шунингдек, узоқ ва яқин хориж давлатларидаги экспорт бозорларида сотиш режалаштирилмоқда.

    «Енгил тижорат автомобиллари сегменти Ўзбекистонда ўзлаштирилмаган ягона транспорт воситасининг тури эди», — дея таъкидлади «Ўзавтосаноат» АК бошқаруви раисининг ўринбосари Рустам Юсупов. — Ушбу лойиҳанинг татбиқ этилиши маҳаллий автомобиль саноати ривожида яна бир дадил қадам бўлади. Аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи янги қўшма корхона Ўзбекистон саноатининг янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади”.

    «Ушбу лойиҳа бизнинг 5 йилликка мўлжалланган тараққиёт дастуримизга тўла мос келади ва бу „Пежо Ситроен“ Группаси учун енгил тижорат автомобилларининг савдосини ривожлантириш ва ҳудудий кенгайиш учун яна бир катта имкониятдир. Биз қўшма корхона ташкил этилишида асосий фактор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан қўллаб-қувватлашларини ҳамда ўзбек ҳамкорларимиз билан конструктив мулоқотни жуда юқори баҳолаймиз», — дея эътироф этди «Пежо Ситроен» гуруҳи вице-президенти Кристоф Бержеран.

    «Ўзавтосаноат» компанияси 1994 йилнинг 17 март санасида ташкил этилган. Ҳозирда унинг таркибида 75та йирик ва ўрта корхона ҳамда компаниялар, жумладан, Жанубий Корея, Туркия, Италия, Германия, Нидерландия, АҚШ ва МДҲ давлатлари технологияси ва сармояси асосидаги компаниялар мавжуд. АЖнинг асосий фаолият доираси — енгил автомобиллар, автобуслар, юк ташувчи автомобиллар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш. Компанияда 24 мингдан зиёд ходим ишлайди.

    PSA гуруҳи Peugeot, Citroën ва DS брендлари остида автомобиллар ишлаб чиқаради. Шунингдек, Free2Move маркаси остида хилма хил мобил ва интеллектуал хизматларни кўрсатади. Гуруҳ молия секторида (PSA Finance банки), автомобиль компонентлари (Faurecia) ишлаб чиқариш секторида ҳам фаолият кўрсатади. 2016 йилда концерн даромади 54 млрд еврони ташкил этди.

    SHARE