Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Жанубий Кореядаги собиқ элчилари сенатор бўлди. Нега?

    15 май куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мажлисида Алишер Курманов ва Ботиржон Асадовни Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар қилишича, қарор Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 13 май куни давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича ўтказилган қўшма мажлислари баённомаларига асосан қабул қилинди.

    Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Алишер Курманов илгари Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ботиржон Асадов эса Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган.

    Экспертлар фикрича, бу Сенатга ташқи иқтисодий фаолиятни назорат қилиш функцияси юкланаётгани билан боғлиқдирю

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

    Бу қарор “жаҳон миқёсида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги ташқи сиёсий фаолиятни амалга ошириш масалаларида парламент ролини янада кучайтириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш, жаҳон майдонида мамлакатимиз нуфузини ошириш, шунингдек ушбу соҳада парламент назоратини кучайтириш мақсадида” қабул қилинган эди.

    SHARE