Тожикистонда сўнгги 20 йилда илк марта Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади

Шу йилнинг май ойида Тожикистонда сўнгги йигирма йил ичида илк марта Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтади.

Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Тожикистонда “Дўстнинг қайтиши” дастури билан концерт беради. Тожик матбуотининг ёзишича, у сўнгги 8 йил давомида ушбу мамлакатда концерт бермаган эди.

Концерт ташкилотчисининг маълум қилишича, Юлдуз Усмонова 24-25 май кунлари Душанбе шаҳрида иккита концерт беради. Агар тегишли ташкилий жараёнлар ҳал этиладиган бўлса, Хўжанд ва Турсунзода шаҳарларида ҳам концертлар уюштирилиши кутиляпти.

Юлдуз Усмонованинг концерт дастурида тожик тилидаги “Ошно” қўшиғи бор. “Ушбу қўшиқ дўстнинг қайтиши ҳақида. Гарчи у эркак ва аёлнинг муносабатлари ҳақида бўлса ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида алоқалар тобора яхшиланиб бораётган шароитда айни муддао бўлди. Шу сабабли концертни “Дўстнинг қайтиши” деб номладик”, дейди концерт ташкилотчиси.

Умуман, шу йилнинг 9 — 12 май кунлари Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади. Унда 55 нафар санъат намоёндалари, шу жумладан, Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов, хонанда Севинч Мўминова сингари қўшиқчилар бор. Тожик матбуотининг ёзишича, бундай тадбир сўнгги 20 йил ичида илк маротаба ўтказилаяпти.

 

SHARE