Ўзбекистонда еттита янги иқтисодий зона ташкил қилинади

Ўзбекистонда бугунги кунда 146 та маҳаллий фармацевтика корхонаси томонидан 2000 хилдан ортиқ дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2016 йил якунлари бўйича мамлакатимиз фармацевтика бозорида маҳаллий дори-дармон воситаларининг улуши 55 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонида айтилишича, тармоқда бугунги кунда олиб борилган таҳлиллар ички бозорни маҳаллий дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада кўпроқ тўлдириш учун республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича янада самарали чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунё фармацевтика саноатида 8500 турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса, уларнинг 6300 таси халқимиз эҳтиёжлари учун импорт қилинади.

Юртимиздаги дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган фармацевтика корхоналарининг хорижий хомашё ҳамда материаллар импортига юқори даражада боғлиқлиги соҳа ривожига асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Маҳаллий хомашё ва доривор ўсимликлар асосида дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига фармацевтика маҳсулотларининг маҳаллийлаштирилишини чуқурлаштириш ҳамда кенгайтириш, шунингдек, уларни тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш долзарб масала ҳисобланади. Ҳозирги пайтда халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликлардан 71 таси республикамизда ташкил этилган саноат плантацияларида етиштирилади. Бу эса талаб ва эҳтиёж катта бўлган дори-дармон воситаларини маҳаллий шароитда узлуксиз ишлаб чиқариш учун етарли эмас, албатта. Шуни инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларига яқин бўлган экологияси тоза ва соф бўлган туманларда янги плантацияларни ташкил этиш ривожланаётган фармацевтика соҳасининг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши, авваламбор, республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдиришга кенг имконият яратади.

Фармонда, жумладан, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш фармацевтика саноатини янада ривожлантиришда биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб берилган.

Тупроқ ва иқлим шароитлари ноёблигини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш тўғрисида таклиф киритилган.

Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этишга, маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси ва материаллар негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга имкон беради.

Ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган, ушбу ҳудудларда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади.

Фармоннинг қабул қилиниши ички бозорни кенг турдаги ҳаммабоп, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ тўлдириш ва алоҳида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш масалаларини ҳал этишга қаратилган.

SHARE