2018 йил учун «Грин кард» лотереяси натижалари эълон қилинди

АҚШ ҳукуматининг «Грин кард» ёки «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» лотереяси натижалари билан 2 май куни Тошкент вақти билан 21:00 дан эътиборан онлайн тартибда танишиш мумкин бўлди.

Электрон кўринишда топширилган аризалар бўйича натижаларни https://www.dvlottery.state.gov/ сайтига кириб, рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги рақам (код), фамилия ва туғилган йили ҳақидаги маълумотларни киритиш орқали текшириш мумкин. 2018 йилги лотерея учун аризалар қабули 2016 йилнинг 4 октябрда очилиб, 7 ноябрга қадар давом этганди.

Шунингдек, 2017 йил 30 сентябрга қадар 2017 йил (DV-2017) учун ўйналган «Грин кард» натижалари билан танишиш мумкин. Ушбу санадан сўнг, лотереяда ғолиб бўлган шахслар Америка «Грин кард»ини олиш борасида тегишли ариза топшира олмайдилар.

Элчихона хабарида таъкидланишича, гарчи кўплаб компаниялар «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар» дастурига ариза топшириш бўйича ўз хизматларини таклиф этса ҳам, уларнинг хизматларидан фойдаланиш шахснинг лотереяда ғолиб бўлиш эҳтимоллигини ҳеч қайси йўл билан оширмайди.

Маълумот учун, Америка ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» дастури орқали 50 минг нафар доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади.

Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.

SHARE