Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳрида турар жой сотиб олишга доир ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилади

    5 май куни Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига эркин яшаш учун мамлакат пойтахти Тошкент шаҳридан турар жой сотиб олиш имкониятини тақдим этиш лойиҳасини муҳокама қилади.  Бу ҳақида kun.uz хабар тарқатди.

    Янги қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан Ягона давлат интерактив хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамасига 11 апрелдан 26 апрелгача қўйилган эди. Жамоатчиликдан олинган фикр ва эътирозлар юзасидан у қайта ишланиб, 5 май куни ҳукуматга тақдим этилади.

    Агар парламент Тошкентда доимий яшаш учун чекловларни олиб ташлайдиган бўлса, пойтахтдаги юқори даражадаги турмуш шароитини хоҳлаб келувчи кўп сонли фуқаролар ҳисобига Тошкентда қурилиш ишлари қизғинлашиб кетиши мумкин.

    Маълумки, Ўзбекистон пойтахтида собиқ иттифоқ давридан бери прописка тизими, яъни фуқароларга Тошкентда доимий яшаш учун ҳуқуқини берувчи қайд тизими сақланиб турибди. Унга пойтахтда туғилганлар, уларнинг тўғридан-тўғри қариндошлари ва баъзи давлат ташкилотларининг ходимларигина эга. Тошкентда турар жойни фақат пойтахт пропискасига эга бўлганларгина харид қилишлари мумкин. Бу чеклов асосан хавфсизлик, шунингдек, бошқа вилоятлардан иш излаб келадиганлар оқимини чеклаш мақсадида қўлланилган, бироқ ички ва ташқи инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорликни амалга ошириш йўлида ҳам тўғаноқ бўлмоқда.

    Совет иттифоқи тарқалиб кетган 1991 йилдан буён пойтахтда аҳоли сони деярли бир маромда турибди. 2016 йилга келиб 2,4 млн. нафарга етган тошкентликлар мамлакат аҳолисининг 7,5 фоизини ташкил этишмоқда. Мустақилликнинг 25 йили ичида мамлакат аҳолиси сони 10,9 миллион кишига, деярли ярим баробарга ошгани ҳолда, шаҳар аҳолиси бор-йўғи 263 минг кишига кўпайган (+12,3 фоизга яқин).

    Афтидан, ҳукумат Тошкентда яшаш учун бу қадар қатъий чекловлар иқтисодий ривожланишга ҳам тўсиқ бўлмоқда, деб ҳисоблайди.

    Шундай қилиб, пойтахтда яшаш тизимини эркинлаштириш ҳақидаги таклиф иқтисодий жиҳатдан қурбсиз инсонларни саралаб, фақатгина турар-жой харид қилишга қурби етадиган инсонларга рухсат беришни мақсад қилган. Яъни, ҳукумат прописка тизими тўлиқ бекор қилинса, пойтахт ички эмиграция оқимига дош беролмаслиги важидан, чекловлардан босқичма-босқич воз кечмоқчи.

    Пойтахтда эркин яшай олмаслик мамлакат аҳолиси учун энг оғриқли муаммолардан ҳисобланади. Тошкентда ҳаёт даражаси вилоятлардагидан анча баланд, кўпчилик бу ерга юқорироқ маош, бизнес ва таълим олиш учун имконият қидириб келади.

    Агар қонун лойиҳаси парламент томонидан тасдиқланадиган бўлса, турар жой албатта Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қуриб, фойдаланишга топширилган янги уйлардан бирида бўлиши, унинг нархи энг кам иш ҳақининг 2000 баробаридан кам бўлмаслигини талаб этилади. 2017 йил 1 май ҳолатига бу сумма 300 миллион сўмга яқин миқдорни ташкил этади. Боз устига уйни харид қилган фуқаро уй нархининг 5 фоизи (камида 15 миллион сўм) миқдорда давлат божи тўлайди.

    SHARE