Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевни Туркманистонга амалий ташриф билан келишга таклиф қилди

Ўзаро келишувга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида 1 май куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

ЎзА хабар беришича, давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалар бўйича юксак даражадаги алоқалар изчил ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар беришича, Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ҳамкасбини “Аваз” сайёҳлик зонаси имкониятларини шахсан баҳо бериш учун таклиф қилди. “Каспийнинг Туркманистоннинг экологик тоза соҳилида жойлашган болалар соғломлаштириш марказлари, коттежлар мажмуалари ва замонавий меҳмонхоналари ўзбекистонликларни дам олиш учун қабул қилишга тайёр”, деди Арқадағ.

Туркманистон раҳбари, шунингдек, Шавкат Мирзиёевни мамлакатга амалий ташриф билан келишга ҳамда Болқон вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишишга таклиф қилди. Ушбу ҳудудда минерал ресурсларни ўзлаштириш ва денгиз порти қуриш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон раҳбари таклифни қабул қилган ва ташриф муддати дипломатик каналлар орқали келишилади.

SHARE