Ўзганда 24 киши кўчки остида қолгани айтилмоқда

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган туманида ер кўчкиси содир бўлди. Мамлакат оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарда айтилишича, кўчки остида 24 киши қолмоқда, шулардан 9 нафари болалар.

Хабарларда маълум қилинишича, фалокат Ўзган туманидаги қишлоғида маҳаллий вақт билан эрталаб 4:20 бўлган. Қирғизистон Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги хабарига кўра, 1 миллион куб метр тупроқ кўчган.

Мамлакат фуқаро мудофааси ва Фақулотда ҳолатлар вазирлиги 1996 ва 1998 йиллари берган хулосасида, тупроқ кўчган ҳудудни хавли, деб топган ва у ердаги аҳоли кўчирилиши кераклигини билдирган.

“Фақулотда ҳолатлар вазирлиги шу йилнинг март ойида уйлар хавфли ҳудудда жойлашгани учун маҳаллий одамларга хавфсизроқ жойга кўчиш ҳақида ёзма огоҳлантириш берган”, – дейилди вазирлик ўтказган матбуот анжуманида.

Кўчки рўй берган вақти 24 киши ёки 6 оила уйларида бўлган, яна битта уйда ҳеч ким яшамаган. Шундан 9 нафари болалар эканлиги айтилмоқда. Болаларнинг олтитаси мактаб ёшида 3 таси мактабгача ёшда бўлган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 2003 йили ушбу ҳудудда яшовчи 3 уй соҳиби бошқа жойга кўчиш учун давлатдан узоқ муддатли қарз олган. Бироқ ҳеч ким кўчмаган ва қўшимчасига яна 4 уй солинган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев воқеа юзасидан баёнот бериб, одамлар давлатнинг айтганига қарамасдан, болаларидан кўра қора молини афзал кўрганини айтди. “Улар учун молнинг жони боланинг жонидан ортиқ. Ахир у болалар омон бўлганда, бир куни президент бўлиши ҳам мумкин эди”, деган.