Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан учрашди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга амалий ташриф билан борди. Бу ҳақида Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Жанубий Қозоғистон вилоятида бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг март ойида Остонага ташрифи доирасида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинган.

Нурсултон Назарбоевнинг қайд этишича, ушбу учрашувдан сўнг икки давлат ўртасида фаоллик ўсмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ўзаро товар айирбошлаш 37 фоиз ўсган.

Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, икки томонлама учрашувлар мунтазам ўтказиб турилгани давлатлараро муносабатларга ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этган.

Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон Президентига Россия нефтини етказиб бериш масаласидаги ёрдами учун миннатдорлик билдирган. Учрашув сўнггида тарафлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларнинг ижобий тенденцияси сақлаб қолинишига ва янада кенгайишига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 24 апрель куни ўзаро келишувга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Икки мамлакат раҳбарлари 2017 йилнинг 22-23 март кунлари Остона шаҳрида олий даражада учрашув ўтказган эди.