Янги нефтни қайта ишлаш заводи нега Жиззахда қуриляпти?

Баҳодир Сиддиқов, «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари, «Нефтгазинвест» масъулияти чекланган жамияти директори:

– Мустақиллик йилларида нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Устюрт газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар ташкил этилди, мавжудлари модернизация қилинди. Россия, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Малайзия ва бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ саноатни модернизация қилиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларда миллий товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мажмуа қурилишининг бошланишига бағишланган маросимда бу корхонанинг аҳамияти, иқтисодий самарадорлигини тушунтириб берди. Масалан, нефтни транспорт орқали ташиб келиш катта харажат талаб этади. Бу бензин, керосин, резина, мой, битум каби иқтисодиёт учун зарур маҳсулотлар, бунга боғлиқ бўлган товар ва хизматлар нархининг ошишига сабаб бўлади.

Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуасининг афзаллиги шундаки, унга хомашё қувур билан олиб келинади. Маълумки, бугунги кунда Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури мавжуд ва унинг бир тармоғи Жиззах вилоятига яқин ергача келган. Шу жойдан атиги 95 километр қувур тортиш орқали янги мажмуа арзон хомашё билан таъминланади.

Яна бир аҳамиятли томони бу – корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар. Лойиҳага кўра, мажмуада йилига 5 миллион тонна хомашёни қайта ишлаш орқали Евро-5 стандартидаги 3 миллион 700 минг тонна мотор ёқилғиси, 700 минг тоннадан зиёд авиация керосини, бундан ташқари, суюлтирилган газ, бензол, мазут, битум каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Автомобиль ёқилғисининг ҳар бир ҳайдовчи, ҳар бир оила ёки ташкилот учун муҳимлиги ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Бу мажмуа бутун халқимизга наф келтиради.

Авиация керосини ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда фойдали. Бу Ўзбекистон самолётларининг парвоз географиясини кенгайтириш билан бирга хорижий авиакомпанияларга хизмат кўрсатиш ҳажмини ҳам оширишга асос бўлади. Масалан, Жанубий Корея ёки Хитойдан Европага юк ташийдиган самолётлар ёқилғи ўрнига кўпроқ маҳсулот ортиб, Ўзбекистондан ёқилғи қуйиб ўтса катта фойда кўради. Йўловчи ва юк самолётларимиз рейслари кўпайиши савдо-иқтисодий алоқалар, туризм ривожида муҳим ўрин тутади.

Мажмуа учун жуда қулай ҳудуд танланган. Жиззах вилояти мамлакатимизнинг ўртасида жойлашган, экспорт режалаштирилаётган қўшни давлатлар ҳам бир қадам. Бу корхона маҳсулотларини барча ҳудудларимизга ва экспортга минимал харажатлар билан етказиш имконини беради. Бу ерга яқин жойда Жиззах цемент заводи бор. Инфратузилма объектларини қуришга кўп вақт ва маблағ кетмайди. Ҳамкорларимиз ва мутахассисларимиз билан бирга ушбу йирик мажмуани ўз вақтида қуриб, фойдаланишга топширамиз.

SHARE