Жиззахда нефтни қайта ишлаш комплекси қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Зафаробод туманига ташриф буюрди. Туманнинг “Чимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди.

ЎзА хабар беришича, энергетика соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларга мувофиқ, Жиззах вилоятида замонавий нефтни қайта ишлаш комплекси барпо этилади. Қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган лойиҳа йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш имконини беради.

Хабарда айтилишича, мажмуа учун хомашё яқинда барпо этиладиган нефть қувури орқали етказиб келинади. Бу энергия ресурсларини етказиш харажатларини кескин камайтиради ва лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширади. Мажмуанинг географик жойлашуви ишлаб чиқарилган маҳсулотни мамлакатимизнинг барча ҳудудларига ва экспортга минимал харажатлар билан етказиш имкониятини таъминлайди. Жиззахда нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди

Заводда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик ва энергетик жиҳатдан самарадор технологиялар ўрнатилади. Улар асосида жаҳон стандартларига жавоб берадиган мотор ва авиация ёқилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Авиация керосини ишлаб чиқариш миқдорини ошириш ҳаво кемаларимизнинг парвоз географиясини сезиларли даражада кенгайтириш, етакчи хорижий авиакомпаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик орқали йўловчи ва юк самолётларининг транзит рейсларини ошириш билан бир қаторда мамлакатимиз авиация соҳасини янада ривожлантириш имконини беради.

Мажмуанинг ишга туширилиши 2 мингдан зиёд, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қўшимча 14 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди.

Ўзбекистонга қувур орқали нефть олиб келиш имкони борми?

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султоновнинг айтишича, Президентнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Остонада бўлиб ўтган бизнес-форум улкан аҳамиятга эга бўлди. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан “Казмунайгаз”, “Казтрансгаз” ва “Казтрансойл” компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Ушбу учрашувлар давомида эришилган келишувлар орасида Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури тармоғи орқали нефтни қайта ишловчи заводларимизни хомашё билан таъминлашга оид шартномани алоҳида қайд этиш зарур.

Бу келишув яқин истиқболда Россия ёки Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган нефтнинг бир миллион тоннасини Ўзбекистонга етказиб бериш имконини беради. Келгусида ушбу кўрсаткични йилига беш миллион тоннагача етказиш кўзда тутилмоқда. Мазкур истиқболли лойиҳа Жиззах вилоятида барпо этилаётган нефтни қайта ишлаш заводини зарур хомашё билан таъминлашга хизмат қилади. Бу объектни 2020 йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Узоққа чўзилмаган нефть мустақиллиги

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонга Россиядан йилига 4,5 миллион тонна нефть келтирилган. Ислом Каримов 1996 йилдан бошлаб халқ хўжалик эҳтиёжларини тўла ўз нефть маҳсулотлари билан таъминлаш талабини қўйган. Ушбу мақсадда мамлакатда Бухоро нефтни қайта ишлаш, Фарғона нефтни қайта ишлаш, Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводлари модернизация қилиниб, янги қувватлари ишга туширилди. Уларнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 11 миллион тоннадан ортиқни ташкил қилади.

Турли манбаларда қайд этилишича, мамлакатнинг аниқланган нефть захиралари 81 миллион тонна (2011 йил)ни ташкил қилади. Лекин уларни қазиб олиш йилдан-йилга камайиб бормоқда. Масалан, 2011 йилда 3,5 миллион тонна нефть қазиб олинган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2,9 миллион тоннани ташкил қилмоқда.

Мамлакатда нефть маҳсулотларининг 52 фоизи транспорт соҳасида, 16 фоизи қишлоқ хўжалигида, 13 фоизи электр энергетика соҳасида, 5 фоизи саноат корхоналарида истеъмол қилинади.

Нефть қазиб олишнинг кескин камайиб бориши, бундан ташқари, мамлакат иқтисодиёти истеъмол қувватининг ошиши нефть мустақиллигини унутишга сабаб бўлди. Шу сабабли ҳам 2003 йилдан Ўзбекистон нефть импортини қайта тиклашга мажбур бўлди.

SHARE