Жанубий Кореяда ишлаш учун ҳудудий квоталар тизими жорий қилиниши мумкин

    Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У билан ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

    Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатишича, учрашувда Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини танлаб олиш механизмлари, бу соҳада томонлар ваколатларини аниқлаштириш, холислик, адолат ва ошкоралик принципларини таъминлашга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистондан меҳнат ресурслари учун квотани ошириш ва Кореяда ишлаш учун рухсат бериш жараёнини қисқартириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

    Меҳнат вазири Корея томонини ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Агентлик раҳбарияти таркибига оид қабул қилинган кадр қарорлари, ишчиларни танлаб олишнинг янги механизмлари ва усуллари, жумладан, минтақавий квоталар ва бу жараённи назорат қилишга жамоатчиликни фаол жалб этиш бўйича таклифлар, аҳоли ўртасида Корея Республикасида қонуний меҳнат фаолиятини олиб бориш тартиби тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилиши ҳақида хабардор этди.

    Абдуҳакимов, шунингдек, меҳмонларни Меҳнат вазирлиги томонидан меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам таништирди. Бундан ташқари, меҳмонларга Россия, Япония ва Польшада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни ташкилий танлаб олиш ва жалб этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

    Квон Ён У Меҳнат вазирлиги томонидан минтақавий квоталар бўйича меҳнат мигрантларини танлаб олиш механизми бўйича ишлаб чиқилган янги ташаббус ва таклифлар мантиқий, адолатли ва аниқ натижалар беришини таъкидлаб ўтди.

    Томонлар Ўзбекистон ва Кореянинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлари ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга келишиб олдилар.

    SHARE