Марказий банк: импорт бўйича шартномалар тўловлари тўхтатиб қўйилгани ҳақидаги гап-сўзлар мутлақо асоссиздир

Кейинги кунларда бир қатор интернет нашрларда Ўзбекистон тижорат банкларида импорт шартномалари бўйича ва етказиб берилган товарлар учун тўловларни амалга ошириш операциялари тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.
Марказий банк маълум қиладики, импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича шартномалар тўловлари ўз вақтида ва тўла ҳажмда амалга оширилмоқда ва уларнинг тўхтатиб қўйилгани ҳақидаги гап-сўзлар мутлақо асоссиздир.

Таъкидлаш лозимки, мамлакат тижорат банклари ўз мижозларининг хорижий ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини бажаришига бундан кейин ҳам узлуксиз кўмак бериб боради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 19 апрель куни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш, шунингдек, экспорт прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши ва экспорт ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

SHARE