Душанбедаги Ўзбекистон кўргазма-ярмаркасида 50 миллион доллардан ортиқ битимлар имзоланди

Илгари хабар берилганидек, Душанбедаги “Пойтахт-90” савдо-кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.

“Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатишича, унда иштирок этган мамлакатимизнинг 160 дан зиёд компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1500 турдаги ранг-баранг маҳсулотларини намойиш этди.

«Пойтахт-90» мажмуи ҳудудидаги 2000 квадрат метр саҳнда электротехника, кабел-узатгич, дори-дармон, сантехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, тери-чарм саноати, шунингдек, ўқув-лаборатория ускуналари, қурилиш материаллари, чинни маҳсулотлари ва пардоз-андоз буюмлари кўргазма пештахталаридан жой олди.

Шу билан бирга, 1000 квадрат метр саҳнли очиқ намойишлар майдонида қишлоқ хўжалиги ва транспорт техникалари — енгил, юк ва махсус автомобиллар, йўловчи автобуслари, велосипед, мотоцикл, трактор, пахта териш комбайнлари ва бошқа жиҳоз-ускуналар намойиш қилинди.

Кўргазма-ярмарканинг биринчи кунида унинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ҳукумат, вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар, дипломатия корпуси ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Маросимда Тожикистон Сармоялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Файзиддин Қаҳҳорзода тадбир қатнашчиларини қутлар экан, икки давлат ташаббуси билан ташкил этилган мазкур кўргазма савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга, сармоялар жалб этиш, қўшма корхоналар барпо этиш ва ўзаро савдо айланмаси ҳажмларини оширишга даъват этилганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Тожикистон Савдо-саноат палатаси раиси Шариф Саид мамлакатларимиз ўртасидаги конструктив ва очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги хусусида тўхталар экан, бундай мулоқот минтақанинг барқарор иқтисодий ривожланишига кўмаклашишини қайд этди.

Яна бир муҳим жиҳат. Ярмарка-кўргазма иши билан танишишга келганлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тизмасига алоҳида қизиқиш билдиришди. Экспертларнинг фикрича, “баҳо – сифат” нуқтаи назаридан таққослаганда, ўзбек маҳсулотлари Тожикистон бозоридаги худди шундай чет эл товарларини сиқиб чиқариши мумкин.

Миллий экспозициямиз намойиши мобайнида 20 мингдан зийод ишбилармон доиралар, мутахассислар ҳамда Тожикистоннинг барча минтақаларидан келган кенг жамоатчилик вакиллари унинг иши билан бевосита танишдилар. Улар Ўзбекистоннинг 25 йиллик мустақил ривожланиш йиллари давомида саноат соҳасида салмоқли натижаларга эришганини таъкидлашди.

Кўргазма-ярмарка доирасида 19 апрель куни Тожикистон Миллий кутубхонасининг конференциялар залида икки томонлама бизнес-форум бўлиб ўтди. Уни очар экан, Сармоялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раҳбари Ф. Қаҳҳорзода Душанбе ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг очилгани, ўтказилаётган кўргазма ва бизнес анжумани томонларнинг турли устувор йўналишлардаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳамда минтақавий аҳамиятга молик лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилишига кўмаклашишини айтди.

Қўшма корхоналар барпо этиш, савдо-сотиқни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика, тогъ-кон, озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика саноати, транспорт, логистика ва коммуникациялар, машинасозлик, қурилиш индустрияси ва сайёҳлик соҳаларида кооперацияни кенгайтириш асносида ўзаро манфаатли муносабатларни фаоллаштириш таклиф этилди.

Бизнес-форум чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон сармоявий салоҳиятлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар ҳамда йирик корхона ва компанияларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир якунлари бўйича, ўзбек ва тожик тадбиркорлари томонидан қарийб 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги меморандум, битим ва шартномалар имзоланди.

21 апрель куни Душанбе чеккасидаги фермер хўжаликларидан бирининг дала майдонида РГУП «Тожикагролизинг», 50 дан зиёд фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари иштирокида «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ қишлоқ хўжалиги техникалари туркумининг амалий намойиши бўлиб ўтди. “Даладаги тақдимот”нинг қатнашчилари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги машиналарининг техникавий тавсифларига катта қизиқиш билдиришди.

Тадбир якуни бўйича Ўзбекистондан агротехника етказиб берилиши юзасидан 3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномалар имзоланди. Шунингдек, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ корхоналари техникаларининг йигъув ишлаб чиқаришини Тожикистон ҳудудида ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бу машиналарга кафолатли ва кафолатдан кейинги хизмат кўрсатилишини ҳамда ходимлар ўқитилишини ҳам ўз ичига олган.

Ўзбекистон саноат маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркаси, бизнес-форум ва семинарлар Тожикистон телевидениеси ва радиоси орқали ҳамда матбуот нашрлари томонидан кенг ёритилди.

SHARE