Шавкат Мирзиёев: “Қатор корхоналарни хусусийлаштириш кутилган натижаларни бермади”

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган фармон ва қарор имзолади.

Қайд этиб ўтилишича, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиши даврида мулкни хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш бўйича тизимли ишлар доирасида 30 мингдан ортиқ давлат объекти, шу жумладан, 6,5 мингта йирик ва ўрта корхона хусусий мулк қилиб сотилди. Натижада ҳозир нодавлат секторига ялпи ички маҳсулотнинг 81 фоизидан кўпроғи, саноат ишлаб чиқаришининг 94 фоизи ва барча банд аҳолининг 82 фоизидан зиёди тўғри келмоқда.

Аммо шу билан бирга танқидий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир қатор корхоналарни хусусийлаштириш кутилган натижаларни бермади.

Хусусан, республика минтақаларидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ишларининг бориши билан танишиш натижалари хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорлари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани ва корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш билан шуғулланмаётгани, ихтисослашган ишлаб чиқаришларни тикламаётганлиги ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий технологияларни жорий этмаётганлигини кўрсатмоқда. Мазкур ҳолатлар Тошкент шаҳрида аввал хусусийлаштирилган “Реле ва автоматика”, “Алгоритм” заводлари, Самарқанд шаҳридаги “Қизил двигатель” ва Лифтсозлик заводлари, Ғиждувон ип йигирув фабрикаси, Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги парранда фабрикаси, Термиз шаҳридаги “16-сонли ғишт заводи” ва бошқа кўплаб объектлар мисолида кўриниб турибди.

Ўтказилган хатлов натижаларига кўра, аввал хусусийлаштирилган корхоналар негизида 2 мингдан ортиқ паст рентабелли ва зарар кўраётган кам қувватли хўжалик субъекти, шу жумладан, мингдан ортиқ ишламаётган ҳамда деярли бўш ётган объект, самарасиз фойдаланилаётган ер участкалари ва ишлаб чиқариш хоналари аниқланган.

Давлат органлари хусусийлаштирилган корхоналарнинг асл ҳолатини ўрганиш, уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти ва молиявий-иқтисодий аҳволини мониторинг қилиш, мавжуд муаммоларни таҳлил этиш ва сабабларини аниқлаш, уларни кредит ва моддий ресурслар билан таъминлашда, муҳандислик-ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклашда, ички ва ташқи савдо бозорларини топишда амалий кўмак бериш билан суст шуғулланмоқда.

Қарорда айтилишича, юзага келган ҳолат ваколатли органларнинг хусусийлаштирилган корхоналарга ёндашувлари, улар билан ишлаш принциплари ва усулларини тубдан ўзгартиришни, фаолият самарадорлигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишлаб чиқаришни тиклаш ва ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятининг асосларини ўргатиш, шунингдек, хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг молиявий манбаларини кенгайтиришни талаб этади.

Президентнинг қайд этишича, хусусийлаштирилган корхоналарнинг мавжуд улкан иқтисодий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни жадаллаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳисобига улар иқтисодий ўсишнинг локомотиви бўлиб қолишлари керак. Хусусийлаштирилган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш яқин йилларда республика минтақалари ва бутун мамлакатни ривожлантиришда кучли омил бўлиши даркор.

Шу мақсадда Президентнинг фармони билан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Давлат қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.

Қўмита хусусийлаштирилган корхоналарни тиклаш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш, шунингдек, “йўл хариталари”ни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, тижорат банклари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.

SHARE