Шавкат Мирзиёев Режеп Эрдўғанни референдум натижалари билан табриклади

2017 йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражеп Таййип Эрдўғанни 16 апрель куни бўлиб ўтган референдумнинг муваффақиятли натижалари билан табриклади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз орасида ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган яқин ҳамкорлик муносабатлари тобора фаоллашиб бораётганидан мамнунлигини таъкидлади ва қардош ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстона алоқалар яқин истиқболда сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарилишига ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёев Туркия Президентига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида янги зафарлар, қардош Туркия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва доимий тараққиёт тилади.