Ўзбекистон туризм салоҳияти BBC орқали тарғиб қилиниши мумкин

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шаропов BBC телекомпаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги реклама-вакиллик офислари раҳбари Сергей Становкин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув чоғида Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришдаги бирламчи вазифалардан келиб чиқиб, BBC телекомпанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон чет элда мамлакатнинг ижобий имижини яратишдан манфаатдор эканлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий ва ривожланган сайёҳлик салоҳияти жаҳонда илгари сурилиши муҳимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Становкин мамлакатнинг бой сайёҳлик салоҳиятини хорижда илгари суриш борасида ҳамкорлик истагини билдирди. У амалий ҳамкорлик муддатлари ва форматлари билан қизиқди. Бунга жавобан, Ўзбекистоннинг йирик телеканаллари билан биргаликда кейинги ҳаракатларни режалаштириш таклиф этилди, шундан сўнг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг аниқ таклифлари ишлаб чиқилади.

 

SHARE