Дунёвий Туркия энди тарих бўлиб қоладими?

2017 йилнинг 16 апрель куни Туркияда мамлакат конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Одамлар ушбу референдумда “ҳа” ёки “йўқ” дейиши керак эди. Туркия Олий сайлов кенгаши маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 51,3 фоизи янги ўзгаришларин маъқуллаган бўлса, 48,7 фоизи унга қарши овоз берди.

Туркияликлар референдумда жуда фаол иштирок этишди. Буни овоз бериш ҳуқуқига эга 55 миллион нафар сайловчининг 86 фоизи референдумда қатнашгани ҳам тасдиқлайди. Конституциявий ўзгаришлар 2019 йилдан сўнг амалиётга татбиқ этилади. Ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партияси, хусусан, мамлакат бош вазири Бинали Елдирим “ҳа” ва “йўқ” деганларнинг қарорини ҳурмат қилишини айтган бўлса, асосий мухолиф партия — Жумҳурият халқ партияси раҳбари референдум адолатсиз шарт-шароитларда ўтганини, Олий сайлов кенгаши эса ҳукуматга мойиллик кўрсатганини қайд этган. Чунки сайлов органи айнан овозларни ҳисоблаш чиқиш пайтида сайлов участкаси муҳр қўйилмаган бюллетенларини ҳам қўшиб ҳисоблаш мумкинлиги тўғрисидаги қоидани амалиётга киритди.

Туркиялик сиёсатшунос Мурат Еткиннинг айтишича, референдум натижалари муҳим жиҳатлари билан ажралиб турибди. Биринчидан, учта йирик шаҳар — Истамбул, Анқара ва Измирда “йўқ”чилар ғалаба қозонишди. Бу ҳолатни Анталия, Адана, Мерсин шаҳарлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур шаҳарлар Туркиянинг асосий молиявий, саноат, туристик, маданий ва таълим шаҳарлари саналади. Бундан шундай хулоса чиқадики, Туркиянинг шаҳарлашган, зиёли ва дунё учун очиқ бўлган қисми мамлакатнинг қишлоқ, иқтисодий камбағал, таълим ривожланмаган қисми томонидан бошқарилади. Бу сайловчилар ўртасидаги тафовут эмас, балки уларнинг ижтимоий мавқеини кўрсатади.

Муаллифнинг қайд этишича, Эрдўған референдум натижаси бўйича нутқида “дўстлар ва шериклар”га мурожаат қилди. Бундай ёндашув Елдирим нутқида ҳам янгради. Бу мурожаатлар фақатгина НАТО аъзоси бўлган Туркиянинг Европа Иттифоқига сиёсий интеграцияси учун долзарб эмас, балки хориж инвестициясини жалб қилиш, янги экспорт бозорларини очишда ҳам бундай сўзлар жуда муҳимдир. Аммо Эрдўған яна ўша кунги нутқларидан бирида ўлим жазосини тиклаш масаласини музокаралар столига олиб чиқишга ваъда берди. Бу эса Европа Иттифоқи учун ҳам, хориж инвестицияси учун ҳам Туркия тарафидан тўғри “сигнал” эмас.

Шу ўринда “ҳа”чилар овозининг 50 фоизлик маррани базўр эплагани тўғрисида. Якуний натижага 51 фоиз ҳам, 60 фоиз ҳам таъсир кўрсата олмайди. Лекин Адолат ва тараққиёт партияси ҳамда Миллий ҳаракат партияси (референдумда иттифоқдошлар) 2015 йилги сайловларда 63 фоиз атрофида овоз олган эди. 16 апрель куни эса иккала партия ҳам ўз тарафдорларини йўқотаётганини кўрсатди. Буни Эрдўған ва унинг тарафдорлари юзидан ҳам кўриш мумкин эди. Чунки референдум натижаси уларни хурсанд қилмади. Эрдўған тажрибали сиёсатчи сифатида шуни яхши тушунадики, бундай натижа унга тўлақонли ваколатлар, яъни ҳаракат эркинлиги ҳуқуқини бермайди. Бу ўзгаришларга Эрдўған ўн йилдан бери интилиб келаётган эди, аммо бу унинг учун тотли ғалаба бўла олмайди.

Сиёсатшунос Серкан Демирташ эса референдум ижтимоий қутблашувни кучайтиргани айтади. Ғарбий ҳудудлар бир асрлик тарихга эга парламент тизимидан воз кечишга қарши овоз берди. Референдум натижалари қишлоқ ва шаҳар аҳли, яхши таълим олган ва маълумотсиз, турк жамиятининг ўрта ва юқори даромадли ҳамда паст даромадли аҳолиси ўртасида ижтимоий қутблашиш кучайганини кўрсатди. Бундай қутблашиш яқин келажакда янада чуқурлашиши мумкин.

“Ҳурриет” газетаси колумнисти Юсуф Канлининг ёзишича, биринчи марта сўнгги 15 йил ичида Эрдўғанга қаршилик қилиб келган шаҳарлар илдамлам кетди.  Унинг фикрича, овоз бериш натижаси қандай бўлишидан қатъи назар мамлакатда ҳеч нарса ўзгармайди.

Эрдўған мутлақ ваколатли президент бўла олмайди, парламент ҳам мухолифат учун асосий минбар бўлишда давом этади. Туркияда дунёвий давлат тизими бутунлай барҳам топади, дейиш ҳам ноўрин. Лекин Туркия танглик ва қутблашишдан зарар кўришда давом этади. Бу эса Эрдўған бу даражада кучли мухолифат билан президентлик бошқаруви барқарор бўлмаслигини англаб етмагунча давом этади.

SHARE