Туркияликлар президент бошқарувига ўтишни ёқлаб овоз берди

Туркияда мамлакат конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ушбу ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, сайловда иштирок этганларнинг 51,3 фоизи овоз берган. Унга қарши бўлганлар сони эса 48,7 фоизни ташкил қилди.

“Ҳурриет” нашрининг ёзишича, мамлакатда 55 миллион нафардан ортиқ киши сайлаш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг 86 фоизи овоз беришда қатнашди.

Янги конституциявий қоидаларга мувофиқ, Туркия парламент республикасидан президент бошқарувига ўтади. Мазкур янгиликка қарши бўлганларнинг фикрича, бу тартиб Режеп Эрдўғаннинг ҳокимиятини амалда мустаҳкамлаб, унинг авторитар бошқарувига йўл очади.

Мамлакат ҳукумати раҳбари Бинали Елдиримнинг сўзларига кўра, мамлакат демократик тарихида янги саҳифа очилди.

Режеп Эрдўған эса Туркия ўз давлат бошқаруви юзасидан тарихий қарор қабул қилди, деб таъкидлади ва хориж мамлакатларини референдум натижаларини ҳурмат қилишга чақирди.

Асосий мухолиф партия — Жумҳурият халқ партияси 37 та сайлов участкасида референдум натижаларининг қайта санаб чиқилишини талаб қилишини маълум қилди.

Референдум натижалари эълон қилиниши муносабати билан мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Жумладан, Таксим майдони ёпиб қўйилди.

SHARE