Ўзбекистон ва Қирғизистон баҳсли чегара муаммоларини ҳал қилишнинг якуний босқичида турибди

    Ўзбекистон ва Қирғизистон қарийб минг километрлик чегараларни белгилаб, уларни келишиб олди. Икки мамлакат ўртасида чегара борасида эътирозлар йўқлиги ҳақида битим Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга қиладиган сафари пайтида имзоланади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди. Бор-йўғи 300 километр масофадаги 58 та чегара участкасида муаммо ҳал этилгани йўқ, холос.

    “Биз Қирғизистон билан ҳамкорликнинг жуда кўп йўналишларида фаол иш олиб бораяпмиз. Хусусан, чегараларимизни демаркация ва делимитация қилиш сингари мураккаб, нозик масалада қатор келишувларга эришдик. Бугун биз қарийб минг километр чегарани белгилаб олдик, тегишли шартномани тайёрлаяпмиз. Икки томон ўзаро тан олган чегараларни тарихан муҳрлаб қўямиз”, деди Абдулазиз Комилов журналистларга.

    Унинг қайд этишича, “Ўзбекистон ҳам, шерикларимиз ҳам ҳар қандай музокараларда бундай нозик масалалар яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатларни тан олиш принциплари асосида олиб борилиши кераклигини яхши тушунмоқда”.

    Шуни қайд этиш керакки, Марказий Осиё мамлакатлари чегара муаммоларини СССРдан мерос қилиб олган бўлиб, Фарғона водийсида, айниқса, бу борада қатор муаммолар йиғилиб қолган эди. Ушбу ҳудудда учта мамлакат — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларини 8 та анклав масаласи ҳам бирлаштириб туради.

    Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг умумий чегараси 1270 километр бўлиб, шу пайтга қадар уларнинг қарийб ярми ҳал қилинган эди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг қайд этишича, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсати муаммоларни ҳал қилишдан қочмасдан, уларни ўзаро келишиб ҳал қилишга қаратилгандир. “Ташқи сиёсатда қўшниларга устувор аҳамият берилиши дипломатиянинг ўзагидир. Охирги ойларда айнан ҳар доим қилиниши лозим бўлган ишлар бажарилмоқда”, деди сенатор.

    Унинг қайд этишича, қўшнилар билан муносабатларда манфаатлар тўқнаш келиши табиий жараён. “Масалаларни муҳокама қилишдан қочмасдан, оқилона келишувларга эришиш, ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбариятининг ташқи сиёсатдаги биринчи ва асосий фарқидир”, деди у.

    Ўзбекистон чегара муаммосини Тожикистон билан ҳам фаол ҳал қилиш йўлларини изламоқда. Бу борада аниқ ишлар олиб бориляпти.

    Содиқ Сафоевнинг айтишича, қўшнилар билан мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги муҳим масалалардан бири бу йўлларни очишдир. Нафақат йўлларни, балки ўзаро мулоқот, савдо ва одамларнинг ташрифларига халақит бераётган барча тўсиқларни бартараф этишнинг вақти келди. Айнан Қозоғистон билан транспорт соҳасидаги муаммоларнинг ҳал қилиниши икки томонлама савдонинг 30 фоизга ортишига хизмат қилади.

    SHARE