Ўзбекистон Ғарбни Стокгольмдаги теракт гумонланувчиси ҳақида олдиндан огоҳлантирган

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги Швециянинг Стокгольм шаҳрида террорчилик  ҳаракатини содир этган Раҳмат Оқилов бўйича расмий ахборот берди. Унда қайд этилишича, Раҳмат Оқилов Ўзбекистон фуқароси бўлиб, 1978 йилда таваллуд топган.

Раҳмат Оқилов 2014 йилда Стокгольм шаҳрига чиқиб кетиб, қурилиш иншоотларида ишлаган. Хорижда бўлган пайтида “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти вакиллари таъсирига тушиб қолган. Мавжуд маълумотларга кўра, у юртдошларини “Ислом давлати” сафларида жанг қилишга фаол чақириб келган. Ўзбекистондаги яқинлари ва дўстларига ҳам террористик руҳдаги видеороликларни юборган. У шу йўл билан уларни Ўзбекистон ҳокимият органлари, бошқарув ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига нисбатан зўравонлик ҳаракатларини амалга оширишга ундаган.

Раҳмат Оқиловга нисбатан Самарқанд ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Жиноят кодексининг 127, 244 ва 244-1-моддалари бўйича жиноий очган ҳамда ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаяпти.

Расмий хабарда айтилишича, Раҳмат Оқиловнинг қонунга қарши ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистоннинг ғарбдаги ҳамкорларидан бирининг махсус хизматлари линияси орқали Швеция тарафини хабардор қилиш учун берилган.

Ўзбекистон тарафининг қайд этишича, терроризм ва экстремизм хавфи глобал муаммо бўлиб, ушбу таҳдидга қарши кенг халқаро, мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар қабул қилиш талаб қилинади.

SHARE